Боёвутда Наврўз кенг нишонланди
Баҳор ва табиат уйғонишининг тимсоли, шарқона янги йилнинг бошланиши Наврўзи оламни баланд руҳ ва катта шодиёна билан нишонлаш азал-азалдан эл-юртимиз учун гўзал анъана ҳисобланади.
Боёвут туманидаги барча маскан ва маҳаллаларда ҳам баҳор таровати кезган Наврўз байрами муносабати билан халқ сайиллари, байрам тадбирлари ташкил этилиб, яшариш ва янгиланиш фасли кенг тантана қилинди.
[gallery-16637]
Куни кеча туман марказидаги “Юрт байроғи” майдонида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида ўтказилган халқ сайиллари ва байрам тадбири ҳам барчага шодлик бағишлади.
Миллий қадриятларимизни акс эттирувчи кўргазмалар намойиши, миллий ўйинлар мусобақалари, халқ амалий санъати намуналари ва турли танловлар юртимиздаги осудалик, фаровонлик, тўкинлик ҳамда файзу бараканинг ифодаси бўлди.
Байрам тадбирини Боёвут тумани ҳокими, сенатор Дилфуза Уралова кириш сўзи билан очиб, барчани қутлуғ айём билан табриклаб, шарқона йил боши барча соҳалар учун қут-баракали бўлишини тилади.
Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрки бўлиб келаётган бу ажойиб байрам бу йил муқаддас Рамазон ойида нишонланаётганлиги, туманнинг барча гўшаларида эзгу амаллар байрамга янада файз ва шукуҳ бағишлаётганлиги таъкидланди.
Байрам саҳнасида намойиш этилган рақслар, жажжи болажонлар, эл ардоғидаги санъаткорларнинг тароналари ва шоу дастурлари барчада унутилмас таассуротлар қолдириб, иштирокчиларда чинакам байрамона кайфият уйғотди.
Ш.Суяров,
ЎзА мухбири