Ботир Зокиров мемориал музейи фонди янги тарихий ашёлар билан бойитилмоқда
Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг бой ижодий меросини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш мақсадида унинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий материаллар, шахсий буюмлар ҳамда ноёб фотосуратларни йиғиш ишлари давом этмоқда.
Маданий мерос агентлигининг маълум қилишича, мазкур ишлар давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 28 июлдаги “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасини абадийлаштириш, унинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Қарорга мувофиқ, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан санъаткор ижодига оид тарихий материаллар, турли ашёлар ва ноёб суратлар харид қилиниб, Ботир Зокиров мемориал музейи фондини бойитиш кўзда тутилган. Бу эса санъаткорнинг ҳаёти ва ижодини янада чуқурроқ ўрганиш, унинг маданий меросини сақлаш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш имконини беради.
Айни пайтда Ботир Зокиров фаолиятига оид қимматли материалларга эга бўлган фуқаролар уларни музей фондига топширишлари мумкин. Топширилаётган ҳар бир ҳужжат, фотосурат ёки шахсий буюм миллий маданий меросимизнинг муҳим қисми сифатида баҳоланади.
Ботир Зокировнинг ижодий меросини сақлашга қаратилган ушбу ташаббус миллий санъат тарихини бойитиш ва унинг келажак авлодлар учун муносиб тарзда сақланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА