Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Миллий сертификат бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
бошланғич таълим ўқитувчиларининг билим даражаси ва педагогик маҳоратини аниқлаш ҳамда уларга сертификат бериш;
ҳуҳуқшунослик фанини билиш даражасини аниқлаш ва миллий сертификат бериш;
хитой, корейс, япон, испан, итальян, форс, дари, пушту, урду, ҳиндий ва уйғур тилларидан чет тилини билишнинг кўп даражали (Multi-level) тест тизими жорий этилади.
Қарор билан Бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
бошланғич таълим ўқитувчиларининг билим даражаси ва педагогик маҳоратини аниқлаш бўйича малака имтиҳонларини ташкил этиш;
бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат бериш бўйича имтиҳон топширишларини шакллантириш ва натижаларини баҳолаш;
бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш ва унинг реестрини юритиш; талабгорларнинг малака имтиҳони натижалари бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқиш;
давлат хизматларини кўрсатиш учун тўловни амалга ошириш ва қайтариш тартиби белгилаб берилган.
Шунингдек, мазкур қарор билан Бошланғич таълим ўқитувчисининг билим даражаси ва педагогик маҳорати тўғрисидаги миллий сертификатнинг давлат намунаси ҳам тасдиқланди.
Бошланғич таълим ўқитувчиларининг бошланғич синфлардаги тегишли фанлар мазмуни доирасидаги билим даражаси, ўқитиш методикаси ва педагогик маҳоратини аниқлаш бўйича малака имтиҳони жараёнларини Агентликнинг “онлайн тест” ахборот тизими орқали ташкил этилади.
Хитой, корейс, япон, испан, итальян, форс, дари, пушту, урду, ҳиндий ва уйғур тилларидан чет тилини билишнинг кўп даражали (Multi-level) тест тизими ҳамда ҳуқуқшунослик фани бўйича талабгорларнинг билим даражасини баҳолашни йўлга қўйилади.
Сертификат натижаларини “Агентлик томонидан тақдим қилинадиган сертификатларнинг маълумотлар базаси” ахборот тизимига киритиш ва уларни сертификат рақами орқали онлайн текшириш имконияти яратилади.
Миллий сертификат берилиши йўлга қўйилаётган бошланғич таълим йўналиши, ҳуқуқшунослик фани, хитой, корейс, япон, испан, итальян, форс, дари, пушту, урду, ҳиндий ва уйғур тилларидан тест топшириқларининг белгиланган тартибда шакллантирилиши ҳамда янгилаб борилиши таъминланади.
Икки ой муддатда умумий ўрта таълим ташкилотлари бошланғич таълим ўқитувчиларига миллий сертификат бериш тизимини жорий этиш билан боғлиқ семинарлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилади.
Малака имтиҳони натижаларига кўра сертификат талабини бажарган бошланғич таълим ўқитувчиларига уч йил муддатга амал қиладиган А+, А, В+, В, С+, С даражали электрон сертификат берилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб В+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга бўлган, бошланғич синфларда дарс берувчи бошланғич таълим мутахассислигига эга ўқитувчиларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, сертификатнинг амал қилиш муддати давомида, тегишли таълим тилига мос равишда барча фанлар бўйича лавозим маошига ҳар ойда 15 фоиз миқдорида қўшимча устама тўлаб борилади.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият олиб борувчи бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат бериш бўйича малака имтиҳонини ўтказиш ҳамда миллий сертификат бериш тартибини белгилайди.
ЎзА