Бошланғич бадалга қўшимча "бадал" ҳам борми?
М.Зайниддинова Зарафшон шаҳридаги бир қурилиш фирмасидан уй сотиб олмоқчи бўлади. Ҳатто 23 миллион сўм бошланғич бадални ҳам тўлайди.
Аммо ҳамма муаммо шундай кейин бошланишини у қаёқдан ҳам билсин...
Бироз вақт ўтиб, тўлов қобилияти бўлмагани сабаб шартномани бекор қилади. Буни қарангки, пулларини қайтариб олиш учун ўша фирмага юзланганида у ердагилар қайтарилиши керак бўлган суммадан 10 фоиз қўшимча ҳақ (устама) олиб қолади. Фуқаро, табиийки, бундан норози бўлиб, Зарафшон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади. Мазкур мурожаат жамиятнинг масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилади. Улар ушбу қурилиш ташкилотига бориб, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонундан яхшигина дарс беришади.
Ахийри қурилиш фирмаси фуқарога бошланғич бадал пулини тўлиқ қайтариб беради.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА