Тошкент вилоят судида “Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари ва Тошкент давлат транспорт университетининг Халқаро оммавий ҳуқуқ кафедраси профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирокида ташкил этилган тадбирда мавзу юзасидан мутахассислар маърузалари тингланди.
Жумладан, Тошкент вилояти Фуқаролик ишлари бўйича судьяси Наргиза Маҳкамова сўзга чиқиб, Бош қомусимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, Конституциянинг янгиланиши туфайли моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Уйғунлаштириш доирасида 30 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари янгиланган Конституцияга мувофиқлаштирилгани, кейинги йилларда барча ислоҳотлар Конституция ва қонунлар устунлиги тамойили асосида амалга оширилаётгани аҳамиятлидир.
Судья Феруз Ёдгоров сўзга чиқиб, судга мурожаат қилиш ҳар бир фуқаронинг Конституцион ҳуқуқи эканини, фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатлари каби йўналишларда атрофлича маълумот берди.
Семинарда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги конституциявий маконга уйғунлаштирилгани, бу жараёнда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтириш устувор вазифа бўлиб ҳисобланиши ҳақида фикр алмашилди.
Айниқса, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносибликни таъминлаш бўйича конституциявий принципни рўёбга чиқариш мақсадида қонун ҳужжатларидаги 150 дан ортиқ ана шундай чоралар тўлиқ қайта кўриб чиқилгани қайд этилди. Жумладан, айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва жазо турларини ўзгартириш, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш борасида ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётгани амалий мисоллар билан ёритиб берилди.
Илмий-амалий семинар давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА