Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари С.Самадов Самарқанд вилояти Нуробод туманида бўлиб, амалга оширилаётган давлат дастурлари ижроси ҳамда режалаштирилган лойиҳалар тақдимотлари билан яқиндан танишди.
Ўрганиш давомида қурилишга оид дастурлар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди. 2026 йилда амалга оширилиши белгиланган дастурлар ижросини ташкил этишда назорат механизмларини янада кучайтириш, масъул ижрочиларнинг жавобгарлигини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Қурилиш ишларига йўналтирилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва уни иқтисод қилиш мақсадида имкон қадар намунавий лойиҳаларни кенг қўллаш, заруратсиз иш турларининг лойиҳа ҳужжатларига киритилишига йўл қўймаслик, бу борада лойиҳа офислари масъулиятини янада ошириш лозимлиги белгиланди.


Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари табиий газ ва электр энергияси бўйича мавжуд қарздорликларни ундириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини қарздор истеъмолчилар иштирокида танқидий муҳокама қилиб, масъул ташкилот раҳбарларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири