Бош прокуратура: энергия ресурслари талон - торож қилинишининг олдини олиш борасидаги ишлар ўрганилди
Қишнинг аёзли кунларида аҳолининг электр энергияси ва бошқа ресурсларга эҳтиёжини узлуксиз таъминлаш ҳамда уларнинг бошқа мақсадларда талон-торож қилинишининг олдини олишга прокуратура органлари алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу мақсадда Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби фаолият юритмоқда.
Мазкур штабда ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, уларга Бош прокурор ўринбосарлари раҳбарлик қилмоқда ва улар мамлакатимиз бўйлаб тизимли равишда ўрганиш ишларини олиб бораётир. Аниқланаётган камчиликлар бартараф этилиши таъминланмоқда.

Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳрида қиш мавсумини беталафот ўтказиш, энергия ресурсларини иқтисод қилиш, уларни талон - торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Хусусан, Республика Миллий диспетчерлик маркази Тошкент шаҳар филиали, “Ҳудудгаз пойтахт” газ таъминоти филиали ҳамда Тошкент шаҳридаги иссиқлик электр марказида қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди. Қозонхоналарнинг белгиланган меъёрда ишлаётгани, авариялар ҳақида келиб тушган хабарлар бўйича кўрилаётган чоралар ўрганилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Учтепа туманидаги 297-сонли мактабда ўқувчиларга яратилган шароитлар ҳамда Яккасарой туманидаги “Fortuna house” бошқарув сервис компанияси томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ўрганилиб, тавсиялар берилди.
Бу борадаги ўрганишлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА