Бош мақсадимиз – қонун устуворлигини таъминлаш
“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Маҳмудованинг сайловчилар билан учрашуви Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтди.
Учрашувда Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Президентликка номзод сўзга чиқиб, ўз Сайловолди дастурининг мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари тўғрисида тўхталиб ўтди. Номзод дастурида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлиги алоҳида эътироф этилган.
Сайловолди дастурда қонун устуворлигини таъминлаш, тиббиёт ходимлари, ўқитувчи-педагогларнинг мақомини мустаҳкамлаш ҳамда меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш вазифалари белгиланган.
– Жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратилиши лозим, – деди Р.Маҳмудова. – Ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатимизни эркинлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли ижтимоий давлат сифатида аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш эса асосий вазифаларимиздан биридир.
Номзод фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида алоҳида тўхталиб, давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади. Номзод дастурида хотин-қизларнинг жамият сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган аёлларни давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ҳамда бўғинларига жалб қилишга оид таклифлар илгари сурилган.
[gallery-12376]
Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифаларни қўллаб-қувватлаб, 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА