“Бор меҳримиз сенга болажон!”
Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли тадбир. Баъзида кимдир учун бир томчи қон яна бир янги ҳаётни англатади. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти "қил устида" бўлиб қолади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамларига ҳам таянадилар.
Айниқса, ушбу хайрли амаллар кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берадиган бўлса, ўша инсон ўзини янада бахтли ҳис этади. Донорлар ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу ниятли кишилардир.

Республика қон қуйиш марказида ўтказилган донорлик акцияси давомида вазирлик ва идоралар, тижорат ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар, фаоллар, партия фаоллари, кўплаб кўнгилли юртдошларимиз бемор болалар ҳаётини сақлаш учун ўз ҳиссасини қўшиб, фаол иштирок этиб келишмоқда.

Шундай эзгу амаллардан бири Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Адолат” социал – демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати билан ҳамкорликда “Бор меҳримиз сенга болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди. Аксияда академиянинг ҳарбий хизматчилари ва курсантлари фаол иштирок этди.
Тадбир якунида кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун донорлик аксиясида фаол қатнашган ҳарбий хизматчилар ва курсантларга партиянинг ташаккурномаси ва эсталик совғалари топширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА