
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик одамларнинг даромад манбаига айланмоқда. Маҳаллаларда ердан самарали фойдаланишнинг ҳадисини олаётган изланувчан ёшларда тадбиркорликка қизиқиш, интилиш ортиб бораётир. Улар соҳада изланиб, сердаромад озиқ-овқат экинлари етиштиришни, чорва моллари парваришлашни йўлга қўймоқда.
Туманда туяқуш парваришлаш ҳам ана шундай йўналишлардан бирига айланмоқда. Харажати қушдек, даромади туядек бўлган бу соҳани Конобод маҳалласида яшайдиган Ҳумойиддин Мусурмонов ривожлантиришга аҳд қилди. Томорқасининг бир бурчагидаги темир тўсиқ билан ўралган майдонда баҳайбат туяқушларга яқинлашар эканмиз, уларни боқиш ҳам, озуқа топиб бериш ҳам осон бўлмаса керак, деган ўйга бордик. Бироқ, ёш тадбиркор билан суҳбат чоғида бу фикримиз нотўғри эканини англагандек бўлдик.

– Икки туяқуш билан иш бошлаган эдим, – дейди Ҳумойиддин Мусурмонов. – Ҳозир уларнинг сони 8 тага етди. Туяқуш жуда тез кўпаядиган, касалликларга чидамли, иммунитети юқори жонивор. Авваллари товуқ, қуш боқиб кўрганман. Жониворлар ичида ўзининг тўйганини биладиган ягона жонзот туяқуш эканини ҳам иш жараёнида билиб олдим. Унинг кўриниши баҳайбат бўлгани билан кунлик озуқаси икки килога тенг. Жўжалари бир кунда 200 граммдан озуқа истеъмол қилади.
Ёш тадбиркорнинг айтишича, туяқушлар инсон хонакилаштирган йирик паррандалардан бири. Уни парваришлаб, кўпайтириш яхши даромадли бизнес экан. Парранданинг гўшти, тухумлари, ёғи ва ҳаттоки тирноқ, патларига ҳам бозорда талаб катта. Олимларнинг аниқлашича, тухумида холестерин йўқ. Қанд касали ва қон босими бор беморлар ҳам унинг тухумини бемалол истеъмол қилиши мумкин.
– Маҳалламизда тадбиркорликка қўл уриб, рўзғорини тебратаётган ёшлар сафи кенгайиб бормоқда, – дейди Конобод маҳалласининг ёшлар етакчиси Абдураззоқ Бобораҳматов. – Ўтган йил 9 нафар йигит-қизимиз ўзлари учун ажратилган имтиёзли кредитдан самарали фойдаланиб, ўз бизнесини йўлга қўйди. Кимдир иссиқхона ташкил қилиб, бодринг, булғор қалампири эккан бўлса, бошқа бири чорвачиликни, паррандачиликни танлади, автомашиналарга сервис хизмат кўрсатиш шохобчасини очди. Тўғри, ҳали ҳам тадбиркорликка бўйин бермаётган ёки бирор фойдали ишнинг этагини тутишни истамаётган ёшларимиз йўқ эмас. Маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ибратли ёшлар ҳамкорлигида уларни ҳам тўғри йўлга бошқаряпмиз. Ҳумойиддин Мусурмонов каби изланувчан, меҳнаткаш йигитлардан ўрнак олишга ундаяпмиз. Бебошликка мойиллик билдирган айрим ёшларимиз шу ҳаракатларимиз эвазига тўғри йўлни танлади. Баъзилари олий таълим муассасаси талабаси бўлди.

Маҳаллада туяқуш боқаётган Ҳумойиддин Мусурмоновнинг иш жараёнини кузатсангиз, гўёки у жониворлари билан суҳбатлашаётгандек таассурот уйғотади. Ёш тадбиркорнинг уларга меҳр бераётганини кўриб, қувончингиз ошади. Топаётган даромадидан мамнунлигини сезгандек бўласиз.
– Туяқушнинг тухуми ҳам фойдали ва даромадли, – дейди у. – Бир дона тухумни 400 минг сўмдан харид қилишади. Битта жўжаси 100 доллар атрофида баҳоланади. Ўтган йил баҳор ва ёз ойларида 20-25 тагача тухум, 5-7 дона жўжа сотдик. Шу ҳам ҳарнада. Рўзғоримизга қўшимча даромад бўлди. Бу йил энди уларнинг сонини янада кўпайтиришни мўлжаллаб турибман. Бир сафар маҳалла етакчиси билан суҳбатда агар туяқушга қизиқувчилар бўлса, уни парваришлашни ўргатишга тайёрлигимни ҳам айтдим.
Томорқаларда турли озиқ-овқат экинлари етиштирилиб, майда ва йирик шохли моллар боқилаётган, паррандачилик ва асаларичилик ривожланаётган туманда яна бир бизнес тури¬ туяқуш боқиш йўлга қўйилгани биз учун янгилик бўлди. Буларнинг барчаси кейинги йилларда мамлакатимизда томорқалардан самарали фойдаланиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги самарасидир.
Нигина Шоева,
Шўрчи тумани ҳокимининг
ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.
ЎзА