Болажонларнинг ёзги таътили мароқли ўтди
Айни кунларда ўқувчиларнинг ёзги таътили ниҳоясига етиб бормоқда. Айтиш жоизки, мамлакатимиздаги мавжуд болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш мавсуми белгиланган режага асосан муваффақиятли якунланди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳузуридаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаментининг Наманган вилояти бошқармасига қарашли еттита оромгоҳда жорий йилда жами беш мавсумда мактаб ёшидаги 5 минг 720 нафар ўғил-қиз мароқли ҳордиқ чиқарди. Барча оромгоҳларда мавсумнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди ва ўғил-қизлар ўз оиласи бағрига тетик ва бардам ҳолда қайтди.

Айниқса, Чуст туманидаги “Меҳржон” ва “Оби ҳаёт”, Норин туманидаги “Норин”, Поп туманидаги “Бинафша”, Косонсой туманидаги “Соҳил”, Янгиқўрғон туманидаги “Нанай” ва “Заркент” болалар оромгоҳларида ҳар мавсумда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда болаларнинг саломатлиги, хавфсизлиги юзасидан барча зарурий чора-тадбирлар кўрилган ҳолда иш олиб борилди.
– Мавсум давомида ҳеч қандай кўнгилсиз, нохуш ҳолатлар кузатилмади, – дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов. – Оромгоҳларда 12 кунлик дастур асосида турли хил қувноқ ўйинлар, учрашувлар, кўнгилочар дастурлари, оромгоҳга яқин манзилга саёҳатлар ташкил этилди.
Оромгоҳларда ишловчи тарбиячи ва мураббийларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тавсияси асосида мавсумий педагог кадрларнинг тажрибали билимдонлари танлаб олинди. Малакали устоз муаллимлар томонидан дам олиш масканларида болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида инглиз, рус тили бўйича ўқув машғулотлари ҳам ташкил этилди. Шоирлар ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари уюштирилди.

Бундан ташқари, ҳар бир оромгоҳда кунлик тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, маданий тадбирлар, концерт дастурлари, “Заковат”, “Қувноқ стартлар” соғломлаштириш ўйинлари, “Мен севган эртак қаҳрамони” расмлар танлови, “Билимдон тадқиқотчилар”, “Эртаклар яхшиликка етаклар!” шиори остида энг яхши эртак қаҳрамонларини бадиий саҳналаштириш каби кўнгилочар кечалар ўтказилди.
Оромгоҳларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, “Аёллар дафтари”да турувчи оилаларнинг 42 нафар фарзанди ҳамда бир нафар оилавий болалар уйи тарбияланувчиси “Норин” оромгоҳида дам олди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА.