Болажонларга янги йил туҳфаси
Бухоро вилояти Олот тумани, “Хосабўйи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 27-сонли умумтаълим мактабининг бўш ётган майдонида замонавий мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Мазкур болалар боғчаси 120 нафар жажжи ўғил-қизни ўз бағрига олаётгани билан аҳамиятлидир. Мазкур лойиҳа умумий қиймати 4 миллиард сўмни ташкил этиб, қурилиш ишлари маҳаллий пудратчи “Файзбек Ўғилой” МЧЖ бинокорлари томонидан куз ойларида талаб даражасида, сифатли амалга оширилди.


Иншоотни фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими, маҳалла масъуллари, ота-оналар ва улар жажжи фарзандлари ҳозир бўлди. Сўзга чиққанлар хосабўйиликларни кўркам муассаса биноси билан самимий табриклаб, баркамол авлод эртанги кунига катта ишонч билдирди. Мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, бундай муҳташам ва замонавий таълим масканлари болажонларнинг ҳар томонлама камол топиши, сифатли таълим-тарбия олиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.


Тадбирда қурувчиларга алоҳида миннатдорлик билдирилди. Ўз навбатида маҳалла фаоллари янги йил арафасида фойдаланишга топширилган мактабгача таълим ташкилоти биноси учун ташкилотчилар, туман мутасаддиларига миннатдорлик билдирди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.