Болажонлар учун унутилмас таътил
Тошкент вилоятидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 170 нафар ўғил-қиз "Афсона" оромгоҳига юборилди. Улар учун унутилмас ёз бошланди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳовлисидан йўлга чиққан автобуслар карвони Бўстонлиқ туманидаги ёзги болалар оромгоҳига етиб келди. Мазкур тадбир доирасида вилоятдаги ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган 170 нафарга яқин ўғил-қиз “Афсона” ёзги болалар оромгоҳига жўнатилди.

Мазкур оромгоҳ Тошкент вилоятининг тоғ олди ҳудудидаги сўлим, хушҳаво ва гўзал манзарали ҳудудда жойлашган бўлиб, дам олувчилар учун мароқли ҳордиқ чиқариш ҳамда соғломлаштиришга мўлжалланган барча зарур шароитлар билан таъминланган. Бу ерда болалар учун спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар, китобхонлик кечалари, ижодий танловлар ва турли тўгараклар ташкил этилади. Шунингдек, турли қизиқарли йўналишлардаги машғулотлар ҳам ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилмоқда.

Айниқса, оромгоҳда болаларнинг хавфсизлиги, сифатли овқатланиши ва соғлом дам олиши учун барча зарур шароитлар яратилган бўлиб, ёзги таътил кунлари қизиқарли ва эсда қоларли лаҳзаларга бой тарзда ўтиши аниқ.
– Оҳангарон туманидан келдим, – дейди оромгоҳ иштирокчиси Самандар Холдоров. – 4-синф ўқувчисиман. Бу йилги ёзги таътилда ўзим учун фойдали бўладиган кўп режаларим бор. Оромгоҳда дам олиб, янги дўстлар орттириш шулардан биридир. Шу билан бирга, эртак китоблари ўқишга ҳам вақт ажратаман. Айниқса, табиат қўйнида шахмат ўйнаш энг севимли машғулотим.

Шунингдек, оромгоҳда ёшларнинг тенгдошлари билан тажриба алмашиши, касб-ҳунарга йўналтирилиши ҳамда қизиқиш ва истеъдодларини ривожлантиришга қаратилган турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу борада масъул ташкилотлар томонидан тизимли ишлар қилиняпти.
А.Мусаев,ЎзА