Болажонлар қалби қувончга тўлди
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Заркент қўрғонида кончилар фарзандлари иштирокида кенг тантана қилинди. Ушбу сана ва ёзги мавсум муносабати билан фаолият бошлаган замонавий аквапарк болажонлар қувончига тўлди.
Таъкидлаш керак, Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси ишлаб чиқариш қувватини мунтазам ошириб бориш баробарида бўлинмалар жойлашган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият бериб келади. Кейинги йилларда Жанубий кон бошқармаси жойлашган кончилар қўрғонида амалга оширилган ишлар бунга яққол мисол. Бундан бир неча йил аввал комбинат ҳисобидан Заркентда барпо этилган аквапарк ана шундай ғамхўрлик намунасидир. Бугун ҳудудга ўзгача кўрк бағишлаб турган ушбу мажмуа аҳоли, айниқса болажонлар учун севимли ҳордиқ чиқариш масканига айланган.


Маҳаллий аҳоли – ота-оналар, жажжи ўғил-қизлар, ҳатто узоқ-яқин ҳудудларда истиқомат қилаётганлар ҳам ҳар йили Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини орзиқиб кутишади. Зеро, шу куни байрамни муносиб нишонлаш, аквапарк мавсумини очиш анъанага айланган. Бу йил ҳам эзгу ташаббус давом эттирилиб, эрта тонгдан мажмуа болажонлар шодон кулгуси, аҳоли шодлиги ва шукроналигига тўлди. Турли аттракционлар қувончли кунни маза қилиб ўтказиши учун ўғил-қизлар ихтиёрига берилди.
“Кончи” маданият уйи бадиий жамоалари, санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастури, жажжилар ўртасида ўтказилган ҳар хил ўйинлар тадбирга янада файз бағишлади. Болакайларга тарқатилган музқаймоқ, ширинлик, қизиқарли ўйинлар ғолибларига берилган китоблар, совға ва ўйинчоқлар мурғак қалбларга олам-олам қувонч улашди.


Дилдора ОТАБОЕВА,
Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи раҳбари,
ЎзА