Бўлажак юристларнинг назарий билимлари оширилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Тошкент давлат юридик университети талабалари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Унда бўлажак юристлар ўзларининг назарий билимларини амалиёт билан боғлашга ҳамда келажакдаги касбий йўналишларини тўғри белгилашга оид тушунчаларга эга бўлди.
Тадбирнинг биринчи қисмида талабалар институт фаолияти, юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишлари, замонавий ўқув жараёнлари ҳамда тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, талабаларга институтнинг ўқув аудиториялари, ахборот-ресурс маркази ва бошқа инфратузилма объектлари бўйлаб таништирув экскурсияси ташкил этилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида институт директорининг ўринбосари Ф. Махмудов иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда талабаларга юридик соҳада касбий ривожланиш, замонавий ҳуқуқшунос олдида турган вазифалар ҳамда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришнинг аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.

Очиқ мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур тадбир бўлажак ҳуқуқшуносларнинг касбий дунёқарашини кенгайтириш, уларни Институт фаолияти билан яқиндан таништириш ҳамда таълим ва амалиёт ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА