Бўлажак ҳуқуқшунослар ҳузурида
Наманган юридик техникумида Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга бағишланган амалий анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси, Наманган вилоят суди раиси, ўринбосарлари, вилоят суди судьялари ва соҳа ходимлари, фахрий судьялар, техникум раҳбарияти ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг суд-ҳуқуқ тизимига тегишли бўлган мақсад ва кўрсаткичлари хусусида нотиқлар томонидан аниқ мақсадларга асосланган таҳлилий мулоҳазалар билдирилди.


Ўтган йиллар давомида Судьялар ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган алоҳида дастур- режага биноан инсон қадрини улуғлаш, судьяларни қонун ва адолатни қарор топтиришга пок виждон билан хизмат қилишга ундайдиган янги тизим яратилди. Хусусан, судьялар, суд ходимлари ҳамда юридик техникум талабалари билан устоз фахрий-судьяларни бир-бирига яқинлаштирувчи мулоқот жараёнлари йўлга қўйилди. Бу ёш судьяларнинг касбига бўлган муносабати ижобий томонга ўзгаришига, фуқароларнинг суд органлари тизимидан розилигига эришишга хизмат қилмоқда.

Амалий конференция якунида техникум жамоасига Судьялар ассоциацияси ва вилоят суди томонидан китоблар жамланмаси ҳамда “Huquqshunos” журналининг нусхалари эсдалик сифатида топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири