Боланинг қадр-қимматига дахл қилиш ҳеч қандай ҳолатда оқланмайди
Сенат ялпи мажлисида “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар қандай зўравонлик шаклларидан ҳимоя қилиш ҳамда болалар учун хавфсиз таълим муҳитини яратишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қонун бўйича муносабат бирлдирган Сенат Раиси Танзила Норбоева бола ҳуқуқлари, қадр-қиммати, хавфсизлиги, таълим-тарбия муассасаларида зўравонликка мутлақо муросасиз муҳитни шакллантириш зарурлигига эътибор қаратди. Болани ҳимоя қилиш фақат битта идора ёки ташкилот, соҳанинг иши эмас, бу бизнинг ижтимоий давлат сиёсатимиз, жамиятимиз маънавий даражаси, келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг муҳим мезони ҳисобланади.
– Қонун, аввало, таълим ташкилотларида болага нисбатан ҳар қандай жисмоний ёки руҳий зўравонлик, камситиш, хўрлаш, таҳқирлаш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо беришга қаратилган, – деди Т.Норбоева. – Педагоглик – бу оддий касб эмас, бу жуда ҳам катта ишонч, масъулият, инсон тақдири билан ишлайдиган касб ҳисобланади. Таълим тизимида бола учун биринчи навбатда хавфсиз, соғлом муҳитни яратиш керак. Шу маънода бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланаётгани, уларни содир этган шахслар педагогик фаолиятига чекловлар киритилаётгани ўз вақтида жорий этилаётган тўғри масала. Бу нормалар фақат жазолаш учун эмас, балки, энг аввало, профилактика учун, огоҳлик ва касбий масъулиятни кучайтириш учун хизмат қилиши керак. Ҳар бир таълим муассасаси раҳбари, ҳар бир педагог, ҳар бир тарбиячи боланинг қадр-қимматига дахл қилиш ҳеч қандай ҳолатда оқланмаслигини чуқур англаб олиши керак.

Қонуннинг яна бир муҳим йўналиши – етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила муҳитига яқин шароитда тарбиялаш тизимини ривожлантиришга қаратилган. Бу масалага Президентимиз доимий эътибор қаратиб келмоқда. Натижада бугунги кунда Ўзбекистонда меҳрибонлик уйлари деярли йўқ. Бола учун энг зарур муҳит – бу оила муҳити. Шу боис, тутинган оила, патронат ва оилага, болага оилага яқин муҳитда ғамхўрлик кўрсатиш шакллари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилаётгани жуда ҳам муҳим. Бу болаларни институционал муассасаларда эмас, меҳр, эътибор ва шахсий масъулият мавжуд бўлган муҳитда тарбиялаш имкониятини кенгайтиради.

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда таълим ташкилотларида тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик содир этганлик, шунингдек уларни таҳқирлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланаётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, педагогик фаолиятни амалга ошириш жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан бир йил муддат давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Давлат ёки нодавлат муассасасининг тўлиқ таъминотида бўлган бола учун ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида уларнинг қадр-қиммати ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга замин яратади.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА