Боламга оламни англатган қўшиқ
Ҳали уйқудан кўзини очолмаган кичик қизим телевизордан янграётган қўшиқни эшитдию, шартта ўрнидан туриб қўлини кўксига қўйиб, куйлай кетди. Зимдан кузатиб турдим. Баъзи ҳарфларни тўлиқ талаффуз қила олмасада, қўшиқнинг ҳар бир қаторида берилиб куйлар, уйқусираган кўзини янада каттароқ очишга ҳаракат қиларди...
Юрагим энтикиб кетди. Нимадан дейсизми? Миллат фахри бўлган мадҳиямиз қулоғига чалинганида дарҳол ўрнидан туриб, меҳр билан ижро этаётган қизалоғимнинг миттигина юракчасида Ватанга бўлган муҳаббат жўш ураётганидан.
Қизим кузатиб турганимни сезиб, сўзлай кетди:
«Аяжон, шу қўшиқни исми – мадҳия. Буни айтганда қўлимизни кўксимизга қўямиз. Мен бу қўшиқни айтишни яхши кўяман. Боғчада болалай билан ҳам бийга айтамиз». Унинг бу сўзларидан ҳайратланиб турганимда «Булайни боғча опам ўйгатганлай» деб, бошини сарак-сарак қилиб мақтанди.
Титраб кетдим. Нимадан дейсизми? Қизимнинг «мақтангани»дан. Миллий ифтихоримиз бўлмиш мадҳиямизни аввало, қизимга ўзим ўргатмаганимдан... «Фарзанд тарбиясида ҳали билишим лозим бўлган жиҳатлар кўп экан», дея ўзимни ўзим койидим ҳам.
1992 йил 10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Бу пайтда мен тўрт яшар қизалоқ эканман. Қизимнинг айни пайтдаги ёши билан тенг бўлган бўлсамда, она Ватанни улуғловчи бирор бир қўшиқ ёдлаганмиканман? Албатта йўқ. Мана, бугуннинг боласига истиқлол берган неъмат.
Мадҳия — вужудимизга сингиб, қалб қўридан, кўнгил тўридан жой олган ғурурбахш ва фарахбахш оҳанг. У ҳамиша ёқимли акс-садо беради. Йиллар чиғириғида янги мазмун билан сайқалланиб, ўсиб келаётган ёш авлодни она заминга, муқаддас Ватанимизга бўлган меҳрини янада оловлантиради.
Мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Мадҳиямиз юрагида Ватан ишқи оловланган ҳар бир ватандошимиз қалбида миллий ғурур, ўзликни англаш, миллий қадриятларни қадрлаш, ватанпарварлик, бунёдкорлик, барқарорлик ва биродарлик тимсолига айланаётгани шубҳасиз. Унинг ғурурбахш садоси дунёнинг кўплаб мамлакатларида, катта-кичик шаҳарларида, халқаро анжуманларда, турли учрашув ва тантанали маросимларда, йирик спорт мусобақаларида янграмоқда.
Асрлар оша ўзбек миллатининг бағрикенглиги, ёш авлод миллат эртаси экани, кўтаринки руҳ ва даъваткорлик, ҳар бир сатрида буюк аждодларимиз қолдирган улкан мерос, келажагимизга бўлган ишонч руҳи уфуриб турибди.
Мадҳиямиз матни муаллифи Абдулла Орипов суҳбатларининг бирида қуйидагиларни айтган эди: “…мадҳиянинг жанр сифатида ўз қонун-қоидалари бор. У жумладан, лирик қўшиқлардан фарқ қилади. Унинг юксак сурурига йиллар мобайнида турли тоифадаги, турли савиядаги фуқаролар якдил ватандошлар сифатида кўника борадилар. Мадҳия (гимн)ларнинг тарихи асли шундоқ.
Баъзилар ҳозирги мадҳиямизнинг мусиқасини тинглаганда эски сўзлар эсга келаверади, деган гапларни ҳам қилишди. Айтиш лозимки, эски сўзлар эски авлодлар қулоғида кўмилиб кетди. Янги авлодлар янги мадҳияни хотираларининг тоза варақларига ёзиб олғусидир. Зеро, Давлат мадҳиямизнинг оҳанги мусиқа асари сифатида жаҳон давлатлари мадҳиялари орасида энг ноёбларидан бири ҳисобланади».
Яқинда бир тадбирда Абдулла Ориповнинг турмуш ўртоғи Ҳанифа Орипова мадҳиямизнинг яратилиши ҳақида тўлқинланиб, шундай деган эди:
«Мен мадҳиямиз матнини ёзув машинасида 200 мартадан кўпроқ қайта кўчирганман. Сессия бўлишидан бир кун аввал, Мутал ака билан Абдулла ака тонг саҳаргача мадҳиямизнинг мусиқага тушмаётган сўзлари устида обдон ишладилар. Ўша куни мен ҳам ухламай, уларнинг қанчалик машаққат билан меҳнат қилганликларига гувоҳ бўлганман. Болаларимиз ҳам мадҳияни куйлаб кўришди.
Уларнинг тилида жуда ёқимли эшитилди, менга. Барчамиз Абдулла аканинг мадҳияси танловдан ўтишини истадик. Айниқса, Мутал аканинг «Келин, агар шу мадҳиям танловда ўтса жуда қувонардим, чунки мадҳия янграганда душманим ҳам ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўядида...», дедилар ҳазил аралаш.
Халқимизнинг асрий орзулари жо бўлган мадҳиямиз ёши улуғ инсонлар қалбида орзу-истаклар рўёби, шукроналик туйғуларини мужассам этса, ёшлар қалбида миллий ифтихор, ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини ифодалайди.
– Бир пайтлар биз, Ўзбекистон ҳам юксак шарафга муяссар бўлармикан, миллий рамзларимиз дунё саҳналарида баландга кўтарилармикан, деб орзу қилганмиз. Салкам қирқ йиллик ўқитувчилик фаолиятимнинг энг завқли дамлари истиқлол йилларидаги даврга тўғри келади, десам адашмайман. Айниқса эслайман, давлатимиз рамзларини ёш авлод онгига сингдириш, ўқувчиларга унинг туб моҳиятида қандай улуғ мақсадлар мужассамлигини етказиш бизга ўзгача шижоат бағишларди.
Ўша кунги дарс соатларимиз қизиқарли ўтарди. Мана шунча йил ўтибди. Қувонарлиси, мадҳиямиз ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи Зулайҳо ая Маманазарова.
Мадҳиямиз қабул қилинганига ҳам 29 йил тўлди. Бугун бу ёшни қарши олган йигит-қизлар мустақил фикрлайдиган, жамиятда ўз ўрнига эга эркин шахслардир. Миллий рамзимиз бўлмиш мадҳиямиз ҳам дунё ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг миллий ғурури, ифтихори сифатида бўй кўрсатаверади.
Дилфуза МАҲКАМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси.