Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоялаш – инсонийлик ва адолатнинг юксак ифодаси
Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш долзарбдир. «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳамияти хусусида «Маърифат» тарғиботчилар жамияти раиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Ҳусанов қуйидаги фикрларни билдирди:
— Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти, маънавий етуклиги ва келажаги, аввало, унда болаларга бўлган муносабат, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига кўрсатилаётган эътибор билан белгиланади.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашни янада кучайтириш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши самарали ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Ҳар бир бола миллати, дини, тили, ирқи, келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик ва ҳимояга муносиб бўлган бебаҳо инсон ҳисобланади. Унинг ўз фикрини эркин ифода этиши, таълим олиши, қобилият ва истеъдодини намоён қилиши, энг муҳими, хавфсиз ва бахтли болаликни бошдан кечириши муҳим аҳамиятга эга. Ер юзидаги барча болаларга ўз фарзандимиздек муносабатда бўлиш, уларнинг қалбини асраш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини эъзозлаш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.
Ҳар бир боланинг соғлом, хавфсиз ва бахтли муҳитда улғайиши, сифатли таълим-тарбия олиши, ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши ҳамда келажакка ишонч билан қадам қўйиши жамият тараққиётининг муҳим шартларидан биридир. Бугун меҳр ва эътибор билан тарбияланган, ҳуқуқлари ҳимоя қилинган, қалбида эзгулик ва адолат туйғулари шаклланган болалар эртага мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган, Ватан тақдири учун масъулиятни зиммасига оладиган етук инсонлар бўлиб камол топади.
Афсуски, болаларга нисбатан зўравонликнинг жисмоний, руҳий, жинсий ва бошқа шакллари уларнинг нафақат соғлиғига, балки руҳий ҳолати, дунёқараши, ўз-ўзига бўлган ишончи ва келажакдаги ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айниқса, болалик даврида етказилган руҳий жароҳатлар инсон қалбида узоқ вақт сақланиб қолиши, унинг шахс сифатида шаклланишига таъсир этиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик кўринишига мутлақо муросасиз муносабатда бўлишимиз, унинг олдини олиш, жабрланган болаларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга зарур ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Зўравонликдан холи болалик фаровон келажак пойдеворидир. Болани ҳимоя этиш фақат унинг жисмоний хавфсизлигини таъминлаш билан чекланмайди. Бу, аввало, унинг қалбини асраш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, фикрини тинглаш, қўрқув ва тазйиқдан холи муҳитда яшашини таъминлаш демакдир. Бола ўз оиласида, мактабда, маҳаллада ва жамиятнинг бошқа муҳитларида ўзини хавфсиз ҳис қилиши, муаммога дуч келганда эса ёрдам сўраши мумкинлигини билиши жуда муҳим.
Мазкур Қонун мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилаётган барча болалар, уларнинг миллати, дини, тили ва келиб чиқишидан қатъи назар, давлатнинг мустаҳкам ҳимоясида эканини ифодаловчи муҳим ҳуқуқий кафолатдир. Ушбу ҳужжат ҳар бир боланинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланиши, унинг хавфсизлиги, шаъни ва қадр-қиммати доимо эътиборда бўлиши, зўравонликка дуч келган болаларга зарур ёрдам кўрсатилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга хизмат қилади.
Айни пайтда, қонунларнинг мавжудлиги билан бир қаторда, уларнинг ҳаётда самарали ишлаши ва белгиланган ҳуқуқий нормаларнинг амалиётга изчил татбиқ этилиши ҳам катта аҳамиятга эга. Бунинг учун масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чораларни изчил амалга ошириш зарур.
Айниқса, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда нафақат давлат органлари, балки ота-оналар, таълим муассасалари, маҳалла, нодавлат ташкилотлар ва кенг жамоатчиликнинг ҳам масъулияти катта. Чунки болани ҳимоя қилиш биргина ташкилот ёки муассасанинг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий бурчидир. Оилада ота-онанинг меҳри ва эътибори, мактабда ўқитувчининг адолатли муносабати, маҳалладаги ҳамжиҳатлик ва жамоатчиликнинг бефарқ бўлмаслиги болалар учун хавфсиз муҳит яратишда муҳим ўрин тутади.
Бунда болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга ўз ҳуқуқларини англатиш, хавфли вазиятларда қандай йўл тутиш ва кимга мурожаат қилиш мумкинлигини тушунтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ота-оналар ва педагоглар ўртасида болалар тарбиясида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат ва зўравонликсиз муносабат тамойилларини кенг тарғиб қилиш зарур. Тарбияда қўрқитиш ва зўравонлик эмас, балки ишонч, тушуниш ва самимий мулоқот устувор бўлиши керак.
Ҳар биримиз болаларнинг дардига бефарқ бўлмаслигимиз, уларнинг мурожаатларини эътибор билан тинглашимиз, ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслигимиз ва ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Баъзан ўз вақтида айтилган бир оғиз далда, самимий суҳбат ёки бефарқ бўлмаган муносабат боланинг қалбидаги қўрқувни енгишга ёрдам бериши мумкин. Шунинг учун болалар билан ишлашда уларнинг ёши, руҳий ҳолати ва индивидуал хусусиятларини инобатга олиш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш талаб этилади.
Ишонаманки, мазкур Қонуннинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши болалар манфаатларини таъминлаш, уларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилаларда ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳар бир фуқаро онгига чуқур сингдирилиб, болалар хавфсизлиги ва ҳуқуқларини таъминлаш умуммиллий қадрият даражасига кўтарилиши зарур.
Ҳар бир бола бизнинг фарзандимиз, юртимизнинг эртанги куни ва инсониятнинг умидидир. Уларнинг бугунги бахти, эртанги ишончи ва келажакдаги муваффақиятлари кўп жиҳатдан биз катталарнинг бугунги муносабати, масъулияти ва амалий ҳаракатларига боғлиқ. Болаларни асраш, уларнинг ҳуқуқлари, ор-номуси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш орқали биз нафақат уларнинг бугунини, балки бутун жамиятнинг келажагини ҳам ҳимоя қилган бўламиз.
Болалар кулгуси янграган, уларнинг ҳуқуқлари таъминланган, меҳр-муҳаббат ва адолат устувор бўлган жамиятгина чинакам тараққий этган жамиятдир. Болага кўрсатилган ғамхўрлик келажакка қўйилган сармоя, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса инсон қадрини улуғлашнинг олий кўринишларидан биридир.
Шу маънода, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга оид мазкур Қонун инсонпарварлик, адолат ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, болаликнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир фарзанд учун хавфсиз ва фаровон келажак яратиш йўлидаги муҳим ҳуқуқий қадамдир. Болаларни ҳимоя қилиш наинки қонун талаби, балки виждон амри, инсонийлик мезони ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.