Болаларга қувонч улашган тантана
Мамлакатимизда “Президент арчаси” тантаналари болаларнинг ўзларидек шўх-шодон, қувноқ ва завқли тарзда бошланиб кетди.
Болалик ёди, унинг беғубор таассуротлари инсон учун энг қадрли хотиралардир. “Президент арчаси” байрам тантаналари эса мамлакатимиз ўғил-қизлари учун энг унутилмас ва ёрқин, бир умрга ёдда муҳрланиб қолувчи воқелик экани аниқ.
“Томоша” болалар студиясида бўлиб ўтган ана шундай тантанага Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари, Ватан сарҳадларини ҳимоялашда жонини фидо этган ҳамюртларимизнинг ўғил-қизлари таклиф этилди.
Эрта тонгданоқ, кичкинтойлар учун мўлжалланган ушбу санъат масканига ўғил-қизлар саф-саф бўлиб, кела бошладилар. Ким гўзал қорпарча либосида, биров қуёнча, бошқаси айиқча ниқобида бўлган болаларни Қорбобо хушкайфият билан кутиб олди.
Дарҳақиқат, “Президент арчаси” тантаналарини юксак савияда ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан зарур барча чоралар кўрилди. Бу каби қувноқ байрам тантаналари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.
...Арча атрофидаги қувноқ томошалардан болалар яйрайди. Улар Қорбобою Қорқиз, эртак қаҳрамонларига қўшилиб, рақсга тушадилар. Завқли қўшиқларга жўр бўладилар.
2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида мамлакатимизда навқирон авлод манфаатларини ҳимоялашга оид амалий ишлар ҳажми тобора кенгайди. Катта ҳажмдаги ижтимоий лойиҳалар – “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”лар минглаб оилалар, эҳтиёжманд хонадонлар, демакки, уларнинг фарзандлари учун ҳам турли муаммоларнинг ижобий ечимига йўл топди. Болалар саломатлигини асраш, махсус таълим-тарбия масканларида вояга етаётган ўғил-қизларни амалий қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар жиҳатдан ва кенг қамровли кўмак кўрсатиш бўйича кўплаб ибратли ташаббуслар ҳаётга жорий этилмоқда.
[gallery-5282]
“Президент арчаси” тантаналарида санъатга ошно болаларнинг меҳрибон устози, моҳир режиссёр Нодира Қурбонова тайёрланган сценарий асосидаги “Йўлбарс афсонаси” номли мусиқий спектакль бугуннинг долзарб масалаларини акс эттиргани билан аҳамиятлидир. Унда табиатни асраб-авайлаш, инсон унинг ажралмас бўлаги экани, борлиққа, атроф-оламга, жонзотлару ўсимликлар дунёсига ҳурмат билан муносабатда бўлиш Турон йўлбарси, Қор дада, Қарға момо, Бухоро буғуси - Хонгул, шохдор эчки ва бошқа кўплаб эртак персонажлари воситасида ғоят таъсирчан тарзда ифода этилган. Ҳа, “Томоша” болалар театри жамоаси, бир гуруҳ санъаткорлар, эстрада ва цирк юлдузлари ҳар галгидек бу сафар ҳам болаларга унутилмас таассурот улашдилар.
Мусиқий спектакль ҳам якунланиб, бутун зал жўровозликда “Президент арчаси” қўшиғини куйлайдилар.
Барча болаларга байрамнинг энг зўр туҳфаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари топширилди. Бу каби тантаналар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА