Болаларга нисбатан содир этиладиган жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди
Болалар манфаатлари, уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши давлатимиз сиёсатида муҳим ўрин тутади. Аммо, ҳаётда болаларга зарар етказадиган, озор берадиган кимсалар йўқ эмас. Шу боис, болаларни, айниқса, зўравонликдан жабрланган болаларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Зарина Исроилова мазкур қонуннинг аҳамияти ҳақида гапириб берди:
– 2026 йил 15 октябрда кучга кирган мазкур қонун билан тегишли қонун ҳужжатларига болаларга нисбатан зўравонлик, шу жумладан, жинсий зўравонлик, шунингдек боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноий қилмишлар учун жавобгарликни кучайтиришни ҳамда вояга етмаганларга нисбатан янги мажбурлов чораларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
2026 - 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси доирасида қабул қилинган мазкур қонун ўз вақтида қабул қилинганини эътироф этиш керак.
Чунки болаларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар, айниқса, уларнинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилиш ҳолатлари учрагани халқимизни жиддий ташвишга солаётган эди.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-ижроия, Меҳнат кодекслари ҳамда бир қатор соҳавий қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ҳамда унга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондирганлик учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди.
Ушбу тоифадаги жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмаслиги, шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланди.
Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаганлар учун қўшимча процессуал кафолатларни белгилашга оид қўшимчалар киритилди. Жумладан вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича васийлик ва ҳомийлик органлари вакилларининг иштироки таъминланади. Қонуний вакилларнинг иштирок этишига рухсат берилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга болаларни тарбиялаш мажбуриятларини бажармаганлик ва уларни тарбиялаш ҳамда уларга таълим бериш жараёнида зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ахборотни тақдим этмаганлик, Болалар масалалари бўйича комиссияларнинг қарорларини ижро этмаганлик, шунингдек болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Жиноят-ижроия кодексига вояга етмаганларга нисбатан жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини амалга ошириш тартибини уларни таълим ташкилотлари, тарбия муассасалари ва ижтимоий хизматлар кўрсатувчи муассасаларга жойлаштириш билан боғлиқ ҳолда такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бошқа қонун ҳужжатларига вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси механизмлари, тазйиқ ва зўравонлик масалалари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, қонунчиликнинг айрим қоидаларини ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг тугатилишига мувофиқлаштириш, болага нисбатан зўравонлик содир этган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосини белгилаш, шунингдек зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларни давлат ҳисобидан юридик ёрдам билан таъминлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур қонун болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосини кучайтирди. Таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ташкилотларнинг ва бошқа соҳалардаги ташкилотларнинг масъулияти оширилди.
Умуман, қонун болаларга нисбатан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, содир этилган ҳолатлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА