Болалар жарроҳлиги бўйича халқаро маҳорат дарси
Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникасида болалар жарроҳлиги соҳасидаги энг сўнгги ютуқ ва услубларга бағишланган халқаро маҳорат дарси ўтказилди.
Дунёнинг нуфузли тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро ўқув-амалий машғулотларда Польша, Туркия, Босния ва Герцеговина, Ироқ, Тунис давлатларидан келган ҳамда юртимизнинг таниқли профессорлари, мазкур соҳа бўйича маҳоратли тиббиёт ходимлари қатнашди.

Уч кунлик ўқув давомида чет эллик мутахассислар ўзбекистонлик шифокорлар билан биргаликда болалар жарроҳлигидаги энг замонавий ва илғор ёндашувларни амалиётда кўрсатиб беришди. Жумладан, минимал инвазив жарроҳлик (кам шикаст етказувчи, кичик кесимлар орқали операция қилиш), интервенцион бронхоскопия ҳамда гипоспадияни жарроҳлик йўли билан даволаш каби мураккаб йўналишлар бўйича маҳорат сабоқлари ўтилди.

– Ушбу мастер-класс нафақат юртимиз мутахассислари, балки қўшни давлатлар шифокорлари учун ҳам катта тажриба мактаби вазифасини ўтади, – дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникаси бош шифокори Жамшид Шамсиев. – Унда малака ошириш ва янги технологияларни ўрганиш учун Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистондан келган шифокорлар ва ординаторлар қатнашди. Шунингдек, республикамизнинг барча вилоятларидан келган соҳа мутахассислари ҳам ўзлари учун муҳим маълумотларга эга бўлишди, тажриба ва малака оширди. Бу каби халқаро тадбирлар Ўзбекистонда болалар тиббиёти ва жарроҳлиги соҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Машғулотлар якунида барча иштирокчиларга халқаро даражадаги махсус сертификатлар топширилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири