Болалар миллий тиббиёт марказида тиббий маркетинг йўналишида янги босқичга қадам қўйилди
Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров Westminster International University in Tashkent бизнес мактабининг Менежмент ва маркетинг кафедраси ўқитувчиси, кореялик мутахассис DSc Ёнгхо Хюнни қабул қилди.
Учрашув давомида кореялик мутахассиснинг Болалар миллий тиббиёт маркази директорининг маркетинг бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб бориши бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Қайд этилганидек, ҳамкорликнинг асосий йўналишлари маркетинг, тиббий туризмни ривожлантириш, замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш ҳамда муассаса фаолиятида амалий натижадорликка эришишга қаратилган.
Шунингдек, келгусида амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар натижалари асосида республика соғлиқни сақлаш тизими муассасалари билан тажриба алмашиш, самарали бошқарув моделларини татбиқ этиш ва илғор ёндашувларни кенг оммалаштириш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, жаноб Ёнгхо Хюн халқаро маркетинг, туризм ва бошқарув соҳаларида катта илмий-амалий тажрибага эга мутахассис ҳисобланади. У турли йилларда International University of Rabatнинг Rabat Business School’ида маркетинг бўйича профессор ассистенти, KIMEP Universityда маркетинг бўйича доцент, EFMD/EPAS аккредитацияси бўйича раис ўринбосари ҳамда магистратура дастурлари бўйича ассоциациялашган декан лавозимларида фаолият юритган.
Шунингдек, у Catholic University of Daeguнинг Туризм менежменти кафедрасида профессор ассистенти сифатида ишлаган, Kyunghee University ва Sookmyung Women’s Universityда тадқиқотчи ҳамда маърузачи сифатида фаолият олиб борган. Бундан ташқари, Temple University қошидаги Туризм ва электрон тижорат миллий лабораториясида ташриф буюрувчи илмий тадқиқотчи сифатида ҳам фаолият юритган.
Маълумот ўрнида, икки йил аввал марказ лабораторияси фаолиятини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш мақсадида кореялик мутахассис Жиеун Чои Кореянинг EWHA womans university medical centerдан Болалар миллий тиббиёт маркази лаборатория бўлими мудири сифатида жалб қилинган эди.
Халқаро мутахассис фаолияти натижасида марказ лабораторияси таҳлил натижаларининг аниқлиги, ишончлилиги ва сифат кўрсаткичлари бўйича Марказий Осиёдаги етакчи лабораториялардан бирига айланди. Шунингдек, 2025 йилда лаборатория 4 та йўналиш бўйича халқаро RIQAS сертификатини қўлга киритди.
Таъкидланганидек, Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро тажриба ва илғор бошқарув ёндашувларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муассасанинг тиббий хизматлар сифати, бошқарув самарадорлиги ҳамда халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Хорижий мутахассислар билан йўлга қўйилаётган бундай ҳамкорликлар келгусида мамлакатимиз тиббиётида замонавий стандартларни кенг татбиқ этиш, тиббий туризм салоҳиятини юксалтириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА