Болалар ҳуқуқ ва манфаатларига доир ҳужжат лойиҳалари Болалар омбудсмани билан келишилиши мажбурий бўлади
Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳасига кўра, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари янада мустаҳкамланмоқда.
Яъни, лойиҳа билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар болага қарши жиноятлар тўғрисида маълумотлар олган тақдирда жиноят ишини қўзғатиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилганда, бу ҳақда Болалар омбудсманини хабардор қилиши назарда тутилмоқда. Бу суд жараёнларида, вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритишда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Лойиҳада Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг парламент назоратини амалга ошириш борасидаги ваколатлари ҳам белгиланмоқда. Бола манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга аризалар, шикоятлар ва даъволар билан мурожаат қилишда у давлат божидан озод қилинади.

Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида вакилнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш, уни сайлаш, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш, шунингдек, у томонидан парламентга тақдим этиладиган маърузани эшитиш масалалари ҳам тартибга солинмоқда.
Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Болалар омбудсмани билан мажбурий келишилиши белгиланмоқда.
М.Комилова, ЎзА