Болалар билан ишлаш тизими такомиллашмоқда
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 19-сонли “Қалдирғоч” ДМТТ да “Янги Ўзбекистонда тараққиёт стратегияси” мавзусида Тошкент вилоятидаги соҳа ходимлари учун семинар ўтказилди.
“Миллий қадриятларимиз болалар нигоҳида” шиори остида ташкил этилган тадбирда асосий эътибор 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг тегишли бандида кўрсатилгандек, мактабгача таълимни ривожлантиришда миллий ва инновацион ёндашувларни кенг тарғиб этишга қаратилди. Жойларда фаолият юритаётган боғчаларда болаларга турли бошланғич билимларни бериш, спортга қизиқишини ошириш учун мунтазам шуғулланишида шароит яратиш чоралари кўриляпти. Бу жараёнда соҳа мутахассислари масъулиятини ошириш, кўпроқ малака ошириш курсларига жалб қилиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбирда болажонлар ижросида миллий қадриятларимиз бўлган келин салом, алла ва шу каби халқ термаларидан иборат куй-қўшиқлари намойиш этилди. Айниқса, йиғилганларга стратегиянинг йўналиши бўйича тайёрлаган саҳна кўринишлари маъқул бўлди.

– Ҳозир боғчада ҳар бир бола билан алоҳида ишлаш, фаолият юритаётган турли тўгаракларга жалб қилган ҳолда қизиқишини ошириш муҳим аҳамиятга эга, – дейди мактабгача таълим ташкилоти директори Мактуба Қобулова – Бугунги кунда тизимга давлатимиз томонидан етарлича эътибор қаратиляпти. Бундан кўзланган мақсад эса маҳаллаларда боғча ёшидаги болаларни МТТларга кўпроқ жалб қилиш, уларга бошланғич билимларни бериш ва мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантиришдир. Бу борада амалий ишлар бошланган бўлиб, махсус методик қўлланмалар ва малакали тарбиячилар тажрибалари оммалаштирилмоқда.
Шундай имкониятлардан кенг фойдаланиб, болаларга “Илк қадам” давлат дастури асосида зарур кўникма ҳосил қилинмоқда. Хусусан, тумандаги мазкур боғча Давлат дастури асосида ажратилган 3 миллиард 80 миллион сўм маблағ эвазига 2021 йилда қуриб битказилди. Бу ерда ташкил этилган 4 та гуруҳга 120 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Уларга ўзбек ва инглиз тилида машғулотлар олиб борилади. Ота-оналардан иборат “Кузатув кенгаши” ташкил этилган.

Шунингдек, моҳир қўллар, мусиқа тўгараклари йўлга қўйилган. Ўтган давр мобайнида “Гулсевар она”, “Яшил макон” умуммиллий дастури асосида ота-оналар ҳамкорлигида “Бир болага бир кўчат” акциялари ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад болаларни она табиатга муҳаббатини янада оширишдир. Тадбирда туман маданият бўлими қошида ташкил этилган "Оҳанграбо" фольклор жамоасининг миллий қўшиқ ва рақслари кўтаринкилик бағишлади.
А. Мусаев, ЎзА.