Бола ривожланиши учун муҳит қандай бўлиши керак?
Навоий шаҳридаги 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Илк қадам” миллий ўқув дастурини самарали жорий этиш, 5 та ривожлантирувчи марказ фаолиятини мазмунли ташкил этиш ҳамда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Семинарда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактабгача таълим методистлари ҳамда таянч МТТ директор ўринбосарлари қатнашди.

Семинар давомида иштирокчилар “Илк қадам” миллий ўқув дастури асосида гуруҳ хоналарини самарали ташкил этиш, болага йўналтирилган ва ўйинга асосланган таълим ёндашувларини қўллаш бўйича амалий машғулотларда иштирок этди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, шунингдек, болалар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходими Нигора Яхшиева. – Айниқса, мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар боланинг илк ривожланиш босқичида унинг қобилияти, қизиқиши ва индивидуал хусусиятларини қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия жараёнини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этишга қаратилган. Бугун мактабгача таълим жараёнида болага тайёр билимларни беришдан кўра, унинг мустақил фикрлаши, изланиши, савол бериши, ижодий ёндашиши ва ўз қобилиятини намоён этиши учун зарур шароит яратиш муҳим вазифа ҳисобланади. “Илк қадам” миллий ўқув дастури ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиб, таълим-тарбия жараёнини болага йўналтириш, ўйин орқали ўрганиш ва боланинг фаол иштирокини таъминлашга кенг имконият яратади. Ривожлантирувчи марказларнинг тўғри ташкил этилиши эса боланинг таълим жараёнидаги фаоллигини ошириш билан бирга, унинг мустақил қарор қабул қилиши, тенгдошлари билан мулоқот қилиши, ижодий фикрлаши ва турли фаолият турларида ўз қобилиятини намоён этиши учун кенг имконият яратади. Шу боис амалиётда марказларни ташкил этишда болаларнинг ёши, қизиқишлари, эҳтиёжлари ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир давомида улар қуриш-конструкциялаш ва математика, сюжетли-ролли ўйинлар, тил ва нутқ, фан ва табиат ҳамда санъат марказларининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Амалий машғулотларда ривожлантирувчи марказларни болаларнинг ёши, қизиқишлари ва индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш ҳамда уларнинг мустақил ва ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, болалар учун хавфсиз ва қулай таълимий муҳит яратиш, зўравонликнинг олдини олиш ҳамда педагогларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири