Бола пули (болалар нафақаси) кимларга, қанча муддатга ва қандай тартибда берилади?
Ҳуқуқий муносабат
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам “давлат таъминотидаги оила” ва “камбағал оила” тоифасидаги оилаларга улар мазкур тоифадан чиққунига қадар, “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасидаги оилаларга улар мазкур тоифага ўтказилган (киритилган) ойдан кейинги олти ой муддат учун тайинланади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев болалар нафақаси миқдорининг белгиланиш турлари хусусида қуйидагиларни маълум қилди.
Бола пули миқдорини белгилашда “давлат таъминотидаги оила” ёки “камбағал оила” тоифасидан чиқарилган ҳолда “камбағаллик чегарасидаги оила” тоифасига ўтказилган оилага болалар нафақаси ёки моддий ёрдам қўшимча ариза талаб этмаган ҳолда, оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан — 1,25 бараваригача бўлганда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган болалар нафақаси ёки моддий ёрдам миқдорининг 75 фоизи миқдорида берилади.
1,25 бараваридан — 1,5 бараваригача бўлганда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган болалар нафақаси ёки моддий ёрдам миқдорининг 50 фоизи миқдорида тайинланади ва тўланади. Кичик ёки ягона боласи ўн саккиз ёшга тўлмаган оилага болалар сонидан келиб чиқиб болалар нафақаси тайинланади ва энг кичик (ягона) бола ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.
Бола (болалар)сиз ёки барча болалари 18 ёшдан катта бўлган оилаларга ва якка-ёлғиз фуқароларга моддий ёрдам тайинланади.
Бир оилага ҳам болалар нафақаси, ҳам моддий ёрдам бир вақтнинг ўзида тўланишига йўл қўйилмайди.
Ариза берувчи болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлашни сўраб ваколатли органга қуйидаги шаклларда мурожаат қилади.
Жумладан, бевосита давлат хизматлари маркази ёки ваколатли органга борган ҳолда ёки оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки “Ижтимоий карта” мобиль иловаси орқали мустақил равишда мурожаат қилади.
Бунда ҳар бир оила томонидан болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун мурожаат қилиш бир ойда бир марта амалга оширилади.
Асос: Ижтимоий реестрни юритиш тартиби тўғрисидаги низом.
Гулноза Бобоева,
ЎзА