Боксчиларимиз “Stranja” турнирида порламоқда
Болгариянинг София шаҳрида ўтаётган “Stranja” турнирида навбатдаги беллашувлар ўтказилди. Унда ўзбекистонлик 7 нафар чарм қўлқоп устаси рингга кўтарилди ва улардан олтитаси навбатдаги босқичга йўл олди.
Аниқроқ, айтадиган бўлсак, 76-маротаба ташкил этилаётган ушбу нуфузли мусобақада Беҳруз Холдоров -48 кг. вазнда бўлиб ўтган жангда грузиялик Сахил Алаҳвердовини 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Асилбек Жалилов эса -51 кг. вазн тоифасидаги беллашувларда англиялик Эллис Тровбридгени 4:1 ҳисобда таслим қилди.
Турнирнинг -75 кг. вазндаги беллашувларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Жавоҳир Умматалиев бу сафар озарбайжонлик Миршариф Казимзадага ҳеч қандай имконият қолдирмаган бўлса, Фазлиддин Эркинбоев вазни -80 кг. бўлган боксчилар орасида мезбонлар вакили Мирослав Димитровни 5:0 ҳисобида енгди.
Шунингдек, Шаҳзод Музаффаров -54 кг. вазнда озарбайжонлик Амин Маммадзадага қарши жанг ўтказди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Хўжаназар Нортожиев кутилганидек -57 кг. вазндаги беллашувларда болгариялик Димо Тониевни қийинчиликсиз мағлуб этди.
Афсуски, -54 кг. вазнда иштирок этган боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов франциялик Кристофер Ҳиппократега қарши жангда 4:1 ҳисобида мағлуб бўлди.
Бугун, 28 февраль кунги жангларда вакилларимиз иштирок этмайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА