Боксчиларимиз Осиё чемпионатини 11 медаль билан якунлади
Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобда 3 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар ўртасида финал жанглари ўтказилди. Унда Абдуллоҳ Мадаминов, Фазлиддин Эркинбоев ва Ҳалимжон Мамасолиев ўз вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Жавоҳир Абдураҳимов ва Жасурбек Йўлдошев финалга қадар ўтган беллашувларда барча рақибларини енгиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Абдураҳмон Маҳмуджонов эса бронза медаль билан тақдирланди.
Аёллар ўртасида эса Азиза Зокирова, Рухшона Парпиева кумуш, Нигина Ўктамова (-57), Ойша Тоирова (-70) ва Олтиной Сотимбоева(+80) бронза медалга лойиқ кўрилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил Чиангмай (Таиланд) шаҳрида ўтган катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида боксчиларимиз 10 та олтин, 6 та кумуш, 3 та бронза медалга сазовор бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА