Боксчиларимиз Олимп чўққисини кўзламоқда
Айни дамда қарийб барча дунё спорт ихлосмандлари, мухлису-мутахассислари бор эътиборини Париж шаҳрида ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига қаратмоқда.
Бу галги тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси қизғин курашларга бой ўтиши шубҳасиз. Шу ўринда, «Париж-2024» мусобақасининг бокс бўйича ўтадиган баҳсларига эътибор қаратамиз.

Олимпия ўйинларининг бокс баҳслари 27 июлдан 10 августга қадар бўлиб ўтади. Ушбу кунлар мобайнида дунёнинг 68 мамлакатидан 248 нафар боксчиси 13 та вазн (7 эркаклар, 6 аёллар) тоифасида медаллар учун кураш олиб боради. Бокс баҳслари саралаш босқичи «North Paris Arena» мажмуасида, финал беллашувлари «Roland Garros» стадионида бўлиб ўтади.
Мазкур мусобақада бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 11 нафар спортчи билан қатнашади. Аниқроғи, йигитлар тўлиқ таркибда 7 вазн тоифасида, қизлар эса тарихда илк бор 4 вазнда баҳсларга киришади.

Олимпия ўйинларида Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг.), Абдумалик Ҳалоков (-57 кг.), Руслан Абдуллаев (-63,5 кг.), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-71 кг.), Тўрабек Ҳабибуллаев (-80 кг.), Лазизбек Муллажонов (-92 кг.) ва Баҳодир Жалолов (+92 кг.) эркаклар ўртасида, Сабина Бобоқулова (-50 кг.), Нигина Ўктамова (-54 кг.), Ситора Турдибекова (-57 кг.) ҳамда Навбаҳор Ҳамидова (-66 кг.) аёллар орасидаги баҳсларда рингга кўтарилади.
Албатта, барча чарм қўлқоп усталаримизнинг олимп чўққисини забт этишига ишонамиз. Бироқ улар ўртасида нафақат ҳамюртларимиз, балки дунё эътироф этган уч нафар эркак боксчимиз – Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Ҳалоков ва Баҳодир Жалолов бор. Уларнинг «Париж-2024» Олимпиадасидаги иштироки катта қизиқиш билан кузатилиши шубҳасиз.
Шу ўринда, бу уч боксчимизнинг Олимпия чемпиони бўлиши учун асосий рақиблари ким экани ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
Аввало, 51 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган «Рио-2016» Олимпия ўйинлари ғолиби, қитъа ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинларининг олтин медаль соҳиби Ҳасанбой Дўсматовда бу йилги Олимпиадада иккинчи бор шоҳсупага кўтарилиш имконияти мавжуд. Ушбу вазн тоифасида дунёнинг 17 нафар чарм қўлқоп усталари баҳс олиб боради.

Улар орасида Ҳасанбойнинг азалий рақибларидан бири ҳиндистонлик Амит Пангал, қозоғистонлик Сакен Бибоссинов каби боксчилар бор. Албатта, улардан ташқари, мезбонлар вакили Билал Беннама, кубалик Алехандро Кларо ва АҚШ шарафини ҳимоя қиладиган Роско Хилл каби боксчилар осон рақиб эмаслигини инобатга олиш керак. Ҳасанбойнинг катта тажрибаси ва юқори тезлиги ҳамда техникаси уларникидан устун эканини биламиз. Ушбу боксчилар ҳозирги вақтда эҳтимолий рақиблар. Улар билан Ҳ.Дўсматов қайси босқичда тўқнаш келиши қуръадан сўнг маълум бўлади.
Шунингдек, Олимпия ўйинларида вазни 57 килограммгача бўлган ўсмирлар ўртасида Олимпиада ғолиби, дунё ва қитъа чемпиони, Осиё ўйинларида тенгсиз бўлган ҳамюртимиз Абдумалик Ҳалоков ўзининг дебют жангларини ўтказади.

Унинг вазнида 18 нафар спортчи баҳсларга киришади. Ҳозирга қадар бу вазн тоифасининг 16 нафар иштирокчиси аниқ бўлган, яна икки нафари Универсал квота йўлланмаси соҳиби бўлади. Ушбу йўлланма ташкилий қўмита томонидан катта эҳтимол билан мезбон боксчи ёки нейтрал спортчилардан бирига насиб этади.
Хўш, бу вазнда Хавер Ибанес Диаз (Болгария), Жамал Херви (АҚШ), Маҳмуд Сабирхан (Қозоғистон), Шудаи Харада (Япония), Саидел Хорта (Куба) ва Карло Палам (Филиппин) каби боксчилар Абдумалик учун жиддий рақиб ҳисобланади. Шуни унутмаслик керакки, Олимпия ўйинларида асли осон рақибнинг ўзи бўлмайди ва оддий боксчиларнинг тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этмаслиги барчага маълум. Шундай бўлсада, А.Ҳалоков учун илк Олимпиада омадли ўтишига ишонамиз.

Энди эса, сўнгги йилларда ҳаваскор ва профессионал рингларда мағлубият нима эканини билмай келаётган Баҳодир Жалолов ва унинг эҳтимолий рақиблари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Амалдаги Олимпия ва Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионати ғолиби Баҳодир Жалолов Париж Олимпиадасида энг оғир +92 вазн тоифасида рингга кўтарилади. Мазкур вазн тоифасида ҳамюртимиздан ташқари яна 15 нафар чарм қўлқоп усталари ғолиблик даъвосида баҳсларга киришади.
Албатта, Баҳодир Жалолов бу вазн тоифасида яққол етакчидир. Аммо ўтган йиллар Делишес Ори (Британия), америкалик Жошуа Эдвардс, бразилиялик Абнер Тейшейра каби боксчилар ҳам бор. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бу боксчилар Баҳодирга эмас, балки Баҳодир уларга жиддий рақибдир.
XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида бокс бўйича мамлакатимиз эркаклар ва аёллар терма жамоаси юксак марраларни забт этиб, янги Ўзбекистонга янги ғалабалар билан қайтишига умид билдирамиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА