Бокс: кучлилар орасида кучлилар
Ҳарбий боксчилар ўртасидаги 58-жаҳон чемпионатининг 21 сентябрь кунги мусобақаларида матонат кўрсатган 4 нафар вакилимиз кейинги босқичга чиққанлигидан хабарингиз бор.
Кечаги жангларда мардонаворлик кўрсатган Шоҳрухбек Рустамов(81) ва Жавоҳир Тоғаймуродов(91) бугун 22 сентябрь кунги жангларда ҳам иштирок этади.
22 сентябрь кунги эрталабки жангларда ўзбекистонлик боксчилардан қизлар ўртасида 75 килограмм вазнда Мавлуда Мавлонова россиялик Марика Уракова билан учрашади.
Шунингдек, ўғил болалардан 60 кг.да Шунқор Абдурасулов зимбабвелик Бен Бандо, 49 кг.да Абдумажид Маннопов бразилиялик Сикусира Консеикао, 56 кг.да Самандар Холмуродов россиялик Овик Оганесян, 64 кг.да Мужбилло Турсунов жазоирлик Яхё Абделли, 91 кг.да Жавоҳир Тоғаймуродов суриялик Ала Алдин Гхусан билан кейинги босқич масаласини ҳал этади.
Чемпионатнинг кечки дастурида Шоҳрухбек Рустамов 81 кг. оғирликда россиялик кучли боксчи Иван Сагайдакни мағлуб этган жазоирлик Муҳаммад Хоумри билан, +91 кг.да эса Лазизбек Муллажонов кениялик Офиено Рамоджи билан жанг ўтказади.
–Ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг деярли ярми ортда қолди. Ҳозирча, режага биноан муносиб тарзда иштирок этмоқдамиз. Энг қийин жанглар бошланмоқда. Асосийси, спортчиларимизнинг кайфияти аъло. Бугун чемпионат мобайнидаги энг оғир кунлардан бири. 7 нафар боксчимиз рингга кўтарилади. Ниятимиз, албатта, ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кўпроқ медаль олиб, ҳарбий спортчиларимизнинг салоҳиятини жаҳонга кўрсатиш, Ўзбекистон номини улуғлаш, – дейди ЎзА мухбири билан телефон орқали мулоқотда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Элшод Расулов.
Айтиш лозимки, мазкур нуфузли мусобақаларда бир қатор олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларининг ғолиблари иштирок этмоқда. Шу боисдан ҳам ҳар бир жангнинг муросасиз ўтаётганлиги табиий. Ишонамизки, кучлилар орасида кучли бўлиш “Ўзбек йўлбарслари”га хос хислат.
Жаҳон чемпионатининг эрталабки дастурлари Москва вақти билан 12.00 да бошланса, кечки мусобақаларга 17.00 да старт берилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА