Боғибаланд анжирзорларида...
ФОТОРЕПОРТАЖ
Самарқанд шаҳрининг Боғибаланд маҳалласига 2023 йилда “туризм маҳалласи” мақоми берилган. Маълумотларга кўра, бу ҳудудда темурийлар даврида боғлар барпо этилган ва анжир етиштириш анъанаси шаклланган. Бугунги кунда ҳам маҳаллада 40 гектарга яқин майдонда анжирзорлар мавжуд.
Чўпонота тепаликлари ёнбағрида жойлашган маҳаллада етиштириладиган анжир ўзига хос таъми ва хусусиятлари билан ажралиб туради. Шу боис анжир пишиқчилик мавсумида бу ерга маҳаллий аҳоли билан бирга хорижий сайёҳлар ҳам ташриф буюради. Меҳмонлар анжирзорларни томоша қилиб, боғ ҳавосидан баҳраманд бўлади.
Ҳудудда ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган боғбонлик анъаналарини давом эттириб келаётган моҳир боғбонлар кўп. Ана шундай боғбонлардан бири — 80 ёшни қаршилаган Шарофиддин бобо Аслиев.
[gallery-31323]
Болалигидан боғда меҳнат қилиб келаётган Шароф бобо анжир етиштиришнинг ўзига хос усулларини яхши билади. Айни пайтда у фарзанд ва набираларига ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган боғбончилик сирларини ўргатмоқда.
Асрлар давомида ўзининг ноёб анжирзорлари билан машҳур бўлиб келаётган Боғибаландда боғбонлик анъаналари бугун ҳам авлоддан-авлодга ўтиб, давом этмоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА