Боғча мудираси шифохонада вафот этди
“Фориш туманидаги қишлоқлардан бирида боғча директори пичоқлаб ўлдирилди” сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқда тарқалган хабарга аниқлик киритиш мақсадида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати бош продюсери катта лейтенант Бахтиёр Тоғаев билан боғландик.
– Жорий йилнинг 5 август куни тунги соат 2.30 ларда Жиззах вилояти Фориш тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаган 1975 йилда туғилган А.Х. туман тиббиёт бирлашмасига тан жароҳатлари билан олиб келинган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, унда биологик ўлим қайд этилган, – дейди Бахтиёр Тоғаев. – Олиб борилган тезкор суриштирувлар жараёнида А.Х.га жорий йилнинг 5 август куни тунги соат 00.30 ларда унинг маҳалладоши 1989 йилда туғилган О.А. ўзаро келишмовчилик оқибатида ошхона пичоғи билан тана қисмига икки марта зарба берганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда жиноят содир этишда гумонланган фуқаро О.А. процессуал тартибда қамоққа олинган.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА