Юрт соғинчи, Ватан қайғуси, меҳр-оқибат, муҳаббат, садоқат, яхшилик тараннуми Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида устувор ўрин эгаллайди. Жаҳон тарихи, адабиётида шоҳ ва шоирлик мартабасини Бобур каби баланд тутган шахслар камдан кам учрайди. Яна ҳам тўғрироғи, деярли учрамайди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Зулхумор Холманова билан Бобур ижоди хусусида суҳбатлашдик. 

Дунё адабиётида Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек шоҳ ва шоирлик даражасига эришган ижодкор бўлмаса керак. Бобур ижодидаги ўзига хослик, жозиба, бетакрорлик кўпроқ нималарда намоён бўлади?

– Дарҳақиқат, кўҳна тарих саҳнасида чексиз сарҳадлар кезган, юрт эгаллаган жаҳонгирлар кўп ўтган. Лекин Бобур каби ўзи эгаллаган мамлакат даҳолари томонидан ижобий тавсифланган, “дилбар шахс” дея эътироф этилган ҳукмдорлар кам учрайди. Юрт бошқариб, жангу жадаллар сабаб умрини от устида ўтказган саркардалар ҳам бисёр. Аммо Бобурдек қўшин жиловини ва кўнглини қўлга олганлари кам.

Бобур фаолияти, шахсияти, ижоди ҳозирга қадар дунё илм аҳлининг, мутахассисларининг диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Унинг шоҳ асари “Бобурнома”нинг XVI асрдаёқ форс тилига таржима қилингани бу манбага яратилган давриданоқ эътибор берилганини кўрсатади. Ҳозирга қадар мемуарнинг кўплаб тилларга таржима қилингани ва бу жараённинг бугунги кунда ҳам давом этаётгани унинг илмий-амалий қийматини кўрсатади.

Бобур ижодига қизғин эътиборни унинг бетакрор шахсияти, воқеликни ҳаққоний чизгиларда тасвирлаши, воқеа-ҳодисани рўй-рост баён этиши, ҳарбий маҳорати, руҳиятининг бойлиги, тилининг соддалиги, тасвир кўламининг кенглиги билан изоҳлайдилар. Бобур шуҳратининг яна бир омили унинг сўз маъносини чуқур англагани ва маҳорат билан қўллай олганидир.

Бобур тил имкониятларини чуқур англаган, сўзнинг нозик қирраларини, таъсирчанлик хусусиятларини яхши ўзлаштирган, тенгсиз лисоний қобилиятга эга бўлган буюк мутафаккирдир. У воқелик, борлиқ, олам манзарасини тил имкониятлари воситасида шундай таъсирчан ифода этганки, бу тасвирлар воқеликнинг ўзидан-да афзалроқ жозибадорлик, ранг-баранглик, дилга яқинлик касб этган.  Бобур сўз орқали бетакрор портрет, пейзаж намуналарини  яратган. ХV – XVI асрларда яшаган тарихий шахсларнинг қиёфасини сўзнинг рангин маънолари ёрдамида маҳорат билан чизиб берган. Шакл-шамойил, феъл-саъжия тасвирида мазмун-моҳиятни тўлиқ акс эттирган, “Бобурнома” матнига хос ифода услубини юзага келтирган сўзлар тизмасидан фойдаланган.

“Бобурнома” – олам манзаралари ҳаққоний, таъсирчан, муаллиф тафаккури, идроки, дунёқараши орқали маҳорат билан тасвирланган асар бўлиб, жаҳон мемуар жанрининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилган. Асар  XV–XVI асрнинг катта-кичик шахсиятлари, уларнинг феъл-атвори, мулоқот хулқи, руҳияти, қизиқишлари, Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон аҳолисининг яшаш манзиллари, ҳайвонот дунёси, ўсимлик оламига оид муҳим маълумотларни қамраб олган. Ғарблик мутахассислар муаллифнинг феъли-саъжияси асарга энг кўп жозиба бағишлаганини алоҳида таъкидлайдилар. Бобур воқеликни кўнгил кўзи билан идрок этган ва ҳиссиётларига уйғун равишда баён этган.

– Юртимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига қаратилаётган эътибор ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик. 

–Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз борар экан, илк бор буюк мутафаккир  асарларидан намуналар эълон қилган Абдурауф Фитратнинг фидойилигини, Ҳ.Ёқубов, М.Шайхзода, В.Зоҳидов В.В.Решетов, Т.Иброҳимов, П.Шамсиев, С.Мирзаев, А.Қаюмов, С.Азимжонова, Х.Назарова, А.Иброҳимов, М.Олимов, Ҳ.Қудратуллаев, С.Ҳасанов, А.Нурмонов, Ҳ.Дадабоев, Ҳ.Болтабоев каби олимларнинг Бобур асарларини оммалаштириш ва тадқиқ этишдаги хизматларини таъкидлаш жоиз. Пиримқул Қодиров, Хайриддин Султон, Хуршид Даврон, Сирожиддин Саййид сингари ижодкорларнинг Бобур ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ воқеликни, унинг  шахсияти, сиймосини бадиий тарзда акс эттириб, омманинг эътиборига тақдим этганлари, ўқувчилар қалбига сингишига имкон яратганлари алоҳида таҳсинга лойиқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори Бобур ижодини ўрганиш, кенг миқёсда тарғиб қилишда алоҳида босқични бошлаб берди. Қарорда Бобур ижодини ўрганиш, оммалаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган. 

Ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди. 2023 йилда Андижонда ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетида  ўтказилган Халқаро илмий-назарий анжуман доимий равишда ўтказиладиган илмий-амалий йиғинга айланди. “Бобур асарлари луғати” тайёрланиб, нашрга топширилди. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари талабалари учун тарих ва география йўналишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат стипендиясининг таъсис этилгани ёшларни илм-маърифатга, ижодкорликка, илмий тадқиқотга йўналтиришда алоҳида ўрин тутади.

–Бугун бобуршунос олимлар нималарга кўпроқ аҳамият қаратишлари керак?

– Президентимиз томонидан эълон қилинган қарорда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий-ижодий меросини, давлатчилик ва саркардалик фаолиятини кенг ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, янги илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш масаласи кун тартибига қўйилган. Ҳозирги техник ва технологик имкониятлардан фойдаланиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг муаллифлик корпусини яратиш, ҳаёти ва фаолиятига, бобуршуносликка оид муҳим маълумотларни жамлаш, тизимлаштириш,  ахборот-қидирув дастурига мувофиқлаштириш хориж олимлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган тадқиқотлар учун муҳим манба вазифасини ўтайди.

Бобур шеъриятидаги туркий сўзлар, маънодошлик қаторлари, морфологик шакллар, боғловчиларнинг семантик-услубий хусусиятларини илмий жиҳатдан ўрганиш лозим. “Бобурнома” матни асосан, содда, ўзига хос синтактик қурилишга эга бўлган жумлалардан иборат. Уларни тадқиқ этиш, ахборот ва модалликни ифодалаш хусусиятларини очиб бериш талаб этилади. 

Бугунги кунда туркий халқларнинг маданий-маънавий ҳамкорлиги муҳим тараққиёт босқичида бўлиб, бу жиҳат тил ва адабиёт, маданият соҳаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бобур шеърияти, “Бобурнома” асарининг фонетик, лексик, грамматик хусусиятларини, аввало, ўзбек шеваларига, узвий равишда туркий тилларга қиёсан ўрганиш туркий тилларнинг ички ва ташқи омиллар асосидаги тараққиётига доир муҳим хулосалар беради. Бобур ўз даври учун нисбатан қадимий ҳисобланган сўзларни ҳам қўллаганки, бу мисоллар умумтуркий тил тараққиётининг дастлабки даврига хос ҳодисаларни, қонуниятларни ойдинлаштиришда аҳамиятлидир.

Бобур шеъриятидаги руҳият тасвири, бадиият, тимсоллардан фойдаланиш маҳорати, “Бобурнома”даги портрет, пейзаж санъати, сажъ усули, “Мухтасар”да акс этган аруз илми турли мавзудаги тадқиқотлар учун манба вазифасини ўтайди.

–Ёшлар маънавиятини шакллантиришда, уларда ватанпарварлик, мардлик, шижоат туйғуларини кучайтиришда Бобур ижодининг ўрни қандай?

–Бобур ижодий меросини ўрганиш давомида, аввало, ўқувчи-талабаларга Бобур шахсияти, фазилатлари ҳақида маълумот бериш, асарларидан олинган мисоллар таҳлили орқали уларнинг онгига сингдириш лозим бўлади. Бобур тенгсиз иқтидор соҳиби, муайян шароитга қараб иш тутадиган, рақиб томоннинг нималарга қодирлигини олдиндан биладиган, муайян ҳаётий тажриба, ҳарбий кўникмага ва етук саркардалик маҳоратига эга бўлган таниқли сиёсатшунос бўлган. У дунёнинг яралиши, оламнинг ўткинчилиги, бу дунёда эзгу ишлар қилиш кераклиги ҳақида мулоҳаза юритгани ҳолда инсонни ҳаракат қилишга, ўз тақдирини ўзи яратишига ундаган тадбиркор, эҳтиёткор, узоқни кўра биладиган, мулоҳазакор донишманд сифатида фаолият юритган.

Бобур шеърияти ватан соғинчига йўғрилган, ёрга бўлган самимий муҳаббат тараннум этилган, инсоний муносабатлардаги азалий муаммолар қаламга олинган таъсирчан мисралардан иборат. Шоир шеъриятида ғазал ва рубоийлар алоҳида ажралиб туради.

Бобур руҳиятини тушуниш, тафаккур тарзини англаш учун унинг асарларини асл ҳолида ўқиш керак. Бунда ўқитувчи тушунарсиз архаик сўзларни луғатлар ёрдамида ўқувчининг дафтарига ёздириб бориши ва уларнинг доимий равишда ўзлаштирилишини назорат қилиш талаб этилади  (шу ўринда мумтоз адабиёт дарсларида ўқувчиларга тушунарсиз сўзларни қайд қилиш учун луғат дафтарини йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлаймиз).  Бундай ёндашув ўқувчиларнинг  бадиий    асар мазмунини батафсил ўзлаштиришларига, ўзбек тили бойлиги, имкониятларини чуқурроқ англашларига, сўз қўллаш малакаларининг ортиб боришига замин яратади.

Бобурнинг инсоний фазилатлари ёш авлодни Ватанга, катталарга, яқинларга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш учун ибрат ҳисобланади. Бобур асарларини оммалаштириш, унинг мазмун-моҳиятини ёш авлод қалбига сингдириш, ҳозирги даврда, айниқса, муҳимдир. “Бобурнома” матни ҳозирги ўқувчи учун тушунарли (айрим сўзлар бундан истисно). Асар матнини алоҳида сарлавҳа қўйиб, кичик ҳикоялар кўринишида таълим муассасалари, айниқса, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларида ўқитишни, мазмун-моҳиятини ўзлаштиришни йўлга қўйиш ҳарбий-ватанпарварлик руҳиятини шакллантиришда муҳимдир.

Шоир шеърларига замон талабларига мос куй басталаш, қўшиқ шаклида ёшлар шуурига кириб боришига замин яратиш ҳам айни муддао. Қўшиқ матни қалб орқали тафаккурни ишғол этади. Мумтоз адабиётимизда кўнгил бежиз “фикр қилиш”, “идрок этиш” манбаси сифатида эътироф этилмаган. Кўнгил соҳибларининг юксак тафаккур эгалари бўлганликлари ҳам кўнгил ва тафаккур ўртасидаги узвий алоқадорликни, вобасталикни, яхлитликни намоён этади.

Бобурнинг ота-онага, яқинларига, боболарига муносабати, фарзандларига кўрсатган эътибори, ота сифатидаги фаолияти ёшлар учун ибратдир.

–Бобур ижодининг наинки адабиёт, балки мусиқа, география, ҳарбий санъат ва умуман, фан соҳалари тараққиётидаги ўрни қандай сизнингча?

– “Бобурнома”  қомусий манба сифатида ҳам муҳим қийматга эга. Асар юзасидан тадқиқот олиб борган олимлар унда йигирмага яқин соҳа вакиллари учун зарур маълумотлар жамланганини қайд этишган. Тарих, тиббиёт, ўсимликлар, ҳайвонот дунёси, сейсмология, этнография, лингвокультурология ва бошқа соҳаларга доир маълумотларнинг қайд этилиши асар матнининг қомусийлигини таъминлаган.

Бобур ҳозирги кунда фаол қўлланаётган моделлаштиришнинг дастлабки кўринишларини ҳам тақдим этган. Масалан,  бир кеча-кундузни нутқ жараёни ва кўз ҳолати орқали моделлаштирган:...бир кеча кундуз 28 минг саккиз юз “Қулҳуваллоҳ”ни бисмилло била ўқуғунча бўлғай...; ... бир кеча-кундуз 216 минг кўзни юмиб очғунча бўлғай......бир кеча-кундуз 8640 навбат “Фотиҳа”ни “бисмиллоҳ” била ўқуғунча бўлғай. Буларнинг ҳаммаси 24 соат, 1440 дақиқага тенг келади. Бу қиёсни ҳам математик, ҳам фикрий моделлаштиришга мисол қилиб келтириш мумкин.

Табиий фанлар доирасида тадқиқот олиб борган бир ўзбек олими Бобур ижодидаги маснуъ санъатини (мисрадаги сўзлар тартибининг кейинги қаторда тескари тартибда такрорланишига асосланган санъат) физикадаги акс тасвир – кўзгу симметриясига қиёслаб, халқаро миқёсда Бобур тафаккурига хос ҳайратлардан бири сифатида тақдим қилган эди:

Тафаккур неча қилсам топилмас сенинг мислинг,

Мислинг сени топилмас қилсам нача тафаккур.

Бу бадиий санъат Бобурнинг тафаккур маҳсулларидан сабоқ беради.

Бобур таваллуд санаси билан ўтказилаётган тадбирлардаги чиқишларда, конференция материалларида буюк мутафаккирнинг география, этнография, лингвокультурология борасидаги хизматлари ўз ифодасини топган.

“Бобурнома” асосида бадиий, ҳужжатли фильмларнинг яратилиши унинг маънавий-маърифий таъсир доирасини янада кенгайтиради. Бобур ўткир зеҳн, теран идрок, юксак инсоний фазилатлар соҳиби сифатида авлодлар қалбида мангу яшайди.

–Самимий суҳбат учун ташаккур!

Назокат Усмонова суҳбатлашди.

ЎзА 

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бобур ўткир зеҳн, юксак инсоний фазилатлар соҳиби сифатида авлодлар қалбида мангу яшайди