Бобур мероси — маънавий хазина
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида буюк саркарда, давлат арбоби ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ҳамда ижодий меросига бағишланган “Бобур мероси — маънавий хазина” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Бобур меросининг тарихий аҳамияти, унинг адабиёт ва давлат бошқарувидаги беқиёс ўрни, шунингдек, аждодлар меросини ўрганишнинг бугунги ёшлар тарбиясидаги муҳим жиҳатлари юзасидан фикрлар билдирилди.

Тадбир иштирокчиларига Бобур ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар тақдим этилиб, ёшлар қалбида ватанпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари ва курсантлар томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари ҳамда Академия Маданият маркази ижодкорлари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.

Қайд этилганидек, мазкур маънавий-маърифий тадбир курсантларнинг тарихий билимларини кенгайтириш, уларнинг маънавий дунёқарашини ошириш ҳамда буюк аждодларимиз меросига бўлган ҳурматини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА