Боболар жасорати унутилмайди
Жиззах вилояти Бахмал тумани Оқтош қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Асрор ота Аҳмедов умри давомида кўплаб хайрли ишларга бош қўшган фидоий юртдошларимиздан бири.
Жиззах вилояти Бахмал тумани Оқтош қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Асрор ота Аҳмедов умри давомида кўплаб хайрли ишларга бош қўшган фидоий юртдошларимиздан бири.
Иккинчи жаҳон уруши фахрийси А.Аҳмедов кўп йиллар тумандаги «Қорақишлоқ» давлат хўжалигида бош чўпон бўлиб ишлаб, ҳалол меҳнати билан элимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшди.
Фарзандларини ҳам меҳнатсевар қилиб улғайтирди. Айниқса, қишлоқни ободонлаштириш, боғ-роғларни кенгайтиришда у кишининг ҳиссаси катта. Отахон бундан ўн йил аввал яратган боғнинг ҳосилидан бугун невара-чеваралари, ҳамқишлоқлари баҳраманд.

Айни пайтда икки кам юз ёшли отахон фарзандларининг ардоғида умр кечираётир.
Яқинда Марказий ҳарбий округ вакиллари Асрор ота Аҳмедовнинг хонадонига бориб, ҳолидан хабар олди.
– Не-не оғир даврларни бошдан кечирмадик, – дейди отахон. – Шукрки, дориломон кунларни, фарзандлар камолини кўриш насиб этди. Мамлакат ободлиги, эл тинчлиги, халқ фаровонлиги устувор вазифага айланган мустақил Ватанда яшашнинг ўзи катта бахт. Мамлакатимизнинг, халқимизнинг бахтига тинчлигимиз барқарор бўлсин.

Жиззах вилоятида ҳам Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги олдидан уруш ва уруш орти фахрийларига ҳурмат-эътибор кўрсатиш, уларга муносиб турмуш шароити яратиш учун амалга оширилаётган тадбирлар доирасида Марказий ҳарбий округ таркибидаги қисмлар ҳудуддаги барча Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг уйларига бориб, совға-саломлар топширмоқда, моддий ёрдам кўрсатмоқда.
Шу куни ҳарбийлар Иккинчи жаҳон урушининг тумандаги яна бир иштирокчиси Очил Жўрабоевнинг ҳам хонадонига бориб, совға-саломлар топширди. 98 ёшли отахон ва унинг оила аъзолари кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор учун миннатдорлик билдириб, давлатимиз раҳбарининг юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга ошираётган эзгу ишларида муваффақият тилади.
Вилоятда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги олдидан бундай хайрли тадбирлар давом этмоқда.