БМТдан инсонпарварлик ёрдами
«Саховат кўмаги» БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер хоним раҳбарлигида олиб келинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан Сирдарё вилоятида содир бўлган «Сардоба» сув омбори тошқинидан зарар кўрган фуқаролар учун жўнатилган инсонпарварлик ёрдами Гулистон шаҳрига етиб келди.
«Саховат кўмаги» БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер хоним раҳбарлигида олиб келинди.

Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий хиёбонида БМТ томонидан юборилган гуманитар ёрдамни кузатиб келган нуфузли меҳмонни вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мадримов, вилоят прокурори Р.Машарипов ва бир гуруҳ меҳнат фахрийлари кутиб олди.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер хоним сув тошқинидан зарар кўрганлар учун БМТ томонидан юборилган кўмакни етказиб бераётганидан мамнунлигини таъкидлади. Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатни, яхши қўшничилик муносабатларини БМТ тўла-тўкис қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Ўз навбатида, вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мадримов кўрсатилган бу эътибор ва кўмак учун БМТга сирдарёликлар номидан миннатдорлик билдирди.
БМТ томонидан Сардоба фожиаси жабрдийдаларига юборилган 30 минг АҚШ долларилик 4000 комплект хўжалик буюмлари, шахсий гигиена, антисептик, кир ювиш воситалари ва бошқа маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдами сув тошқинидан зарар кўрган фуқароларга шу куннинг ўзида етказилди.
