БМТ махсус маърузачиси Самарқандда бўлди
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Сайян бошчилигидаги делегация 23 сентябрь куни Самарқандга келди.
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Сайян бошчилигидаги делегация 23 сентябрь куни Самарқандга келди.
Мартабали меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропортида вилоят ҳокими Э.Турдимов кутиб олди. Делегация аъзолари Тойлоқ туманида янги қурилган суд биносида бўлиб, бу ерда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишди. Мазкур бинода эндиликда тумандаги жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар фаолият кўрсатади.
Диего Гарсия-Сайян шу ерда вилоятдаги судлар раислари билан суҳбатлашди. Мулоқот чоғида кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судлар мустақиллигини тўла таъминлаш, судьяларни давлат томонидан ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди. Бу ерда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнларига гувоҳ бўлишди. Қабулхона ходимлари ва мурожаатчилар учун яратилган шароитлар БМТ вакилларида катта таассурот қолдирди.
Делегация аъзоларининг адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида адвокатлар билан мулоқоти асосини мамлакатимизда адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ташкил этди. Меҳмонларга ушбу йўналишда кейинги йилларда амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
– Ўзбекистонга ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад – мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда мустақил суд ва адвокатура институтининг ролини ўрганиш, уларнинг фаолияти билан танишишдан иборат, – дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Сайян. – Шу мақсадда бир неча кундан буён ушбу соҳалар ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашмоқдамиз. Самарқанддаги мулоқотларимиз ҳам самарали бўлди.
Самарқандга ташриф давомида меҳмонлар вилоятдаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканларда ҳам бўлди. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан танишув чоғида Диего Гарсия-Сайян вилоятдаги миллий маданий марказлар ва диний конфессиялар фаоллари билан учрашди.


