БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси раиси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси раиси Волкан Бозкир билан учрашди.
Тадбирда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболлари, жумладан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш, имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашиш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини бир овоздан қабул қилинганини мамнуният билан қайд этди. Суҳбат давомида Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш бўйича амалга ошириладиган ислоҳотлар хусусида сўз борди.
[gallery-3039]
Шунингдек, 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда БМТ вакилларининг иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш керак, БМТ Бош Ассамблеяси раиси Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ доирасида илгари сурилган ташаббуслар, жумладан, минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар стратегияси тўғрисида қатор фикрлар билдирилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА