БМТ: Бир миллиард аҳолининг тўртдан уч қисми оч!
Сўнгги етти йил ичида биринчи марта дунёда оч қолганлар сони кўпаймаган. Бинобарин, Африка, Ғарбий Осиё ва Кариб ҳавзасининг айрим ҳудудлари кўрсаткичи ёмонлашган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг беш муассасаси томонидан Женевада тақдим этилган “Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқланиш даражаси” номли ҳисобот хулосаси шундай.
Ҳужжатга кўра, 2022 йил дунёда оч қолганлар сони қарийб 735 миллион кишини ташкил этган, бу рақам аввалги йилдан 3,8 миллион кам. Афсуски, БМТ экспертлари юқорида санаб ўтилган уч минтақада очлик муаммоси оғирлашаётганига ишора қилган.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, 2022 йил 2,4 миллиард одам ёки дунё аҳолисининг 29,6 фоизи озиқ-овқат маҳсулотидан бемалол фойдаланиш имконига эга бўлмаган. Уларнинг фикрича, агар шу тенденция давом этса, 2030 йилгача сайёрамизда очарчиликка барҳам бериш мақсадига эришилмайди.
БМТ бунинг сабаби сифатида коронавирус пандемияси, даврий табиий офатлар, шунингдек, қуролли тўқнашувлар, хусусан, Украина зиддиятини кўрсатмоқда.
Энг оғир аҳвол Африкада кузатиляпти. Ҳисоботда келтирилишича, қитъада ҳар бешинчи одам очликка дуч келмоқда. Бу ўртача кўрсаткичдан икки баробар юқори. Осиё ва Лотин Америкаси бу борада яхши томонга ўзгариш ясай олган.
2022 йил дунёда беш ёшгача бўлган 148 миллион бола тўйиб овқатланмаслик туфайли суст ривожланган. 37 миллион ёш ўғил-қиз ортиқча вазндан азият чеккан.
ЎзА