BMB Za’faron дунё бозорларини забт этмоқда
Жорий йилнинг 3 июнь куни BMB TRADE GROUP ва OPERA S.R.L (Италия) компаниялари ўртасида умумий қиймати 3 миллион еврони ташкил этадиган муҳим шартнома имзоланди.
Унга мувофиқ, жорий йил июль ойининг биринчи ўн кунлигида BMB Zaʼfaron бренди остидаги заъфарон маҳсулотини Италияга экспорт қилиш йўлга қўйилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, Жиззах вилоятида заъфарон плантацияларини ташкил этиш лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг Италиядаги Элчихонасининг яқиндан берган кўмаги билан амалга оширилган эди.
Мазкур шартномани имзолаш учун туртки сифатида BMB OPERA ZAFFERANO қўшма корхонасида етиштирилган заъфарон тугунак пиёзбошлари бевосита европадан келтирилганлиги, етиштириш жараёни италиялик мутахассисларнинг тўлиқ назорати остида амалга оширилганлиги, уни териб олиш ва қуритиш Европа технологиялари асосида амалга оширилганлиги ҳамда парваришлаш жараёнида ҳеч қандай кимёвий минерал ўғитлар қўлланилмаганлиги сабаб бўлди.

Энг асосийси эса миллий маҳсулотимиз Европанинг машҳур Analisi Chimiche Ed Ecologiche Sas ҳамда Laboratori di Ricerche Analitiche e Tecnologiche su Alimenti e Ambiente лабораторияларида икки босқичли текширувлардан ўтказилди ҳамда таҳлил натижаларига кўра 1-категория, яъни олий категория деб тан олинди. Мазкур жихатлар ҳорижий мутахассисларнинг компания томонидан тақдим этилаётган заъфарон махсулоти Европанинг нозиктаъб истеъмолчилари орасида ўз ўрнига эга бўлиши шубҳасиз деган фикрига сабабчи бўлди.
Шунингдек, OPERA S.R.L компанияси юртимизда етиштирилган заъфарон махсулотини нафақат Европа мамлакатларига, балки Осиё ва АҚШ бозорларига ҳам экспорт қилишни режалаштирган.
Юқорида таъкидланганлар, компаниямиз томонидан Жиззах вилояти Бахмал туманидаги плантацияларда етиштирилиб, қадоқланаётган олий сифатли юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотни хорижга сотиш географияси тобора кенгайиб бораётганини англатади.