“Blue Zarafshon”: ёшлар экологик ташаббус атрофида бирлашмоқда
Бугунги глобаллашув даврида экологик муаммолар нафақат соҳа мутахассислари, балки кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларни ҳам ташвишга солмоқда. Ана шундай масалаларга бефарқ бўлмаган, табиатни асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббуслардан бири сифатида Навоий шаҳридаги Президент мактаби ҳузурида “Blue Zarafshon” экологик лойиҳаси ташкил этилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш ва уларда табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришдан иборат.

“Blue Zarafshon”нинг “Web” йўналишида фаолият юритувчи асосий “Core” жамоаси 9 нафар аъзодан иборат. Улар янги ғояларни ишлаб чиқиш, тадбирларни режалаштириш ва амалга оширишда етакчилик қилади. Жамоа фаолиятига 20 нафардан ортиқ кўнгилли ҳам жалб этилган. Ана шу ҳамжиҳатлик ва фаоллик туфайли лойиҳа қисқа вақт ичида муайян натижаларга эришди.
Лойиҳа фаолияти давомида “Eco Schools”, “Young Climate Champions”, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP), “Young Green Ambassadors” ва “Eco Heroes” каби ташкилот ва ташаббуслар билан ҳамкорлик ўрнатилди. Бу ҳамкорликлар лойиҳанинг таъсир доирасини кенгайтириш билан бирга, ёшларга халқаро тажриба ва илғор экологик ёндашувлар билан танишиш имконини берди.
Бир йилдан ортиқ вақт давомида “Blue Zarafshon” аъзолари томонидан 30–40 килограммга яқин чиқинди йиғилиб, ҳудудларни тозалаш ишларига ҳисса қўшилди. Шунингдек, мактабда бир йилда 100 килограммдан ортиқ қоғоз қайта ишлашга йўналтирилди. Бу каби ташаббуслар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва чиқиндилар ҳажмини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Эътиборлиси, лойиҳанинг қамрови биргина мактаб билан чекланиб қолгани йўқ. Вилоятдаги 20 дан ортиқ мактабдан 120 нафардан зиёд ўқувчи “Blue Zarafshon”нинг тадбирларида бевосита иштирок этди.
Жамоа бир йил давомида учта йирик тадбирни муваффақиятли ташкил этди. Уларнинг ҳар бири ёшларнинг экологик билимларини ошириш билан бирга, жамоавий ишлаш, мулоқот ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилди. Дастлабки тадбир доирасида иштирокчилар “Eco Zakovat” билим беллашуви, “Eco Debate” мунозараси ва тақдимотларда қатнашиб, экологик мавзулардаги билимларини синовдан ўтказишди. Йиғинда назарий билимлар билан бир қаторда, фикрни аниқ ва ишончли ифода этиш ҳамда нотиқлик маҳоратига ҳам эътибор қаратилди.
Иккинчи анжуманда эса спорт ва экологик фаоллик уйғунлаштирилди. Иштирокчилар пиёда ҳаракатланиш жараёнида чиқиндиларни йиғиш ташаббусида иштирок этди. Шундан сўнг “Jeopardy” форматидаги викторинада экологик билимларини рақобат муҳитида намойиш қилди.

Учинчи тадбир – “Eco Quest” Навоий шаҳридаги Президент мактабида ўтказилди. Унда иштирокчилар турли интерактив ўйинлар ва тақдимотлар орқали экологияга оид билимларини янада бойитди. Қайд этиш керакки, анжуманнинг энг муҳим натижаси фақат билим ва кўникмалар билан чекланмади. “Eco Quest” ёшларнинг янги дўстлар орттириши, ўзаро фикр алмашиши ва умумий мақсад атрофида бирлашиши учун ҳам имконият яратди. Тадбир якунида ташкил этилган расм чизиш машғулотида иштирокчилар экологик мавзудаги ғоя ва қарашларини ижодий тарзда ифодалади.
Қувонарли жиҳати, мазкур тадбирдан сўнг кўплаб иштирокчилар “Blue Zarafshon” жамоасига мурожаат қилиб, шунга ўхшаш йиғинларни яна ташкил этиш истагини билдирди. Жамоа эса бу таклифга ижобий жавоб берди. Навбатдаги ташаббус бир кунлик тадбир билан чекланмай, 30 кун давомида ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Кичик ташаббус сифатида бошланган “Blue Zarafshon” бугун ҳудуддаги ўнлаб мактаб ва юзлаб ёшларни ягона мақсад – табиатни асраш, экологик маданиятни юксалтириш ва яшил келажак барпо этиш ғояси атрофида бирлаштирмоқда. Бинобарин, экологик масъулият аввало инсоннинг табиатга муносабатидан бошланади. Ёшларнинг бу борадаги ташаббуслари эса келажак авлод учун соғлом ва барқарор муҳит яратишга хизмат қилади.
Жалолиддин Мусаев,
Тошкент шаҳридаги “Interhouse” академик лицейи 2-курс ўқувчиси