Блаттер ва Платини фитна қурбоними?
Хабар берганимиздек, шу кунларда Швейцарияда етти йиллик терговдан сўнг собиқ ФИФА президенти Зепп Блаттер ва собиқ УЕФА раҳбари Мишел Платинига суд ҳукми эълон қилиниши бўйича иш олиб борилмоқда.
Францияда чоп этиладиган “LʼÉquipe” газетаси тарқатган хабарга кўра, УЕФАнинг собиқ президенти Мишел Платини куни кеча Беллинсони федерал судида чиқиш қилиб, «Швейцария судининг адолати ҳақиқатни қайта тиклайди», дея ишонч билдирган.
ФИФАнинг этика қўмитаси томонидан 2 миллион доллар миқдоридаги махфий тўлов бўйича айбланаётган Блаттер ва Платинининг ушбу битимлари суд ишида қатнашаётган адвокатлар фикрича, «жентльмен келишуви» ҳисобланади.
Мазкур шов-шувли ишни олиб бораётган адвокат Лоренц Эрней 86 ёшли Блаттерга қўйилаётган айбловлар «бемаъни» эканлигини, яна бир адвокат Доминик Неллен икки футбол корчалони фирибгарлик ёки ҳужжатларни сохталаштиришда айбдор эмаслигини, бу ишларнинг ортида Платини учун ўша йиллари ФИФА раҳбарлигига келиш йўлларини ёпиш мақсадида қилинган фитна эканлигини таъкидлашган.
Зепп Блаттер ва Мишел Платини иши бўйича сўнгги суд қарори Швейцария суди томонидан жорий йил 8 июль куни эълон қилинади.
Т.Рўзиев, ЎзА