Бизнесни ривожлантириш йўлида
Бухорода “Замонавий технологиялар асосида манзарали ўсимликлар ва гуллар етиштириш, ушбу йўналишда бизнесни ташкил этиш” масаласига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинарга ушбу мавзуга қизиққан вилоят туманларидан хотин-қизлар таклиф қилинди. Семинар-тренинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерацияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Германия тараққиёт банки (KfW) ва Бизнес ва финанс консалтинг (BFC) GmbH молиявий кўмагида ўтказилди.
Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, аҳоли ўртасида гулчиликни оммалаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 августда “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги, 2023 йил 23 октябрда “Гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинган.
– Ушбу қарорларда тадбиркорлик субъектларини, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларнинг ушбу йўналишдаги билим ва салоҳиятларини ошириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу асосда, тадбиркорлар, ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар манзарали ўсимликлар ва гуллар етиштириш ва бизнесни йўлга қўйишга эга бўлади, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Фируза Ибрагимова.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.