Бизнес вакиллари билан учрашув
Янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳудудлар имкониятларини ривожлантиришда тадбиркорлар муҳим куч сифатида намоён бўлмоқда. Айни шу боис тадбиркорлар билан доимий мулоқотлар ташкил этилиб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланмоқда, янгича ғоя ва ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда.
Наманган вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомовнинг Тўрақўрғон туманида ўтказган мулоқотида 30 дан зиёд кичик ва ўрта бизнес вакиллари иштирок этди. Мулоқотда, тадбиркорларни қийнаётган масалалар тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

– Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтган навбатдаги очиқ мулоқотида солиқ тўловлар ва жарималарга алоҳида тўхталиб ўтилгани айни муддао бўлди. Жумладан, солиқ тизими тадбиркорлик учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар учун 2026 йилдан бошлаб фақат бир фоиз ставкада солиқ тўлаш имкони яратилгани янгилик бўлди, – дейди тадбиркор Оқилхон Наимов. – Ҳақиқатан ҳам бу минглаб кичик бизнес эгалари учун катта енгилликдир. Шу орқали ўзимизда қоладиган маблағлар орқали фаолиятимизни кенгайтириш, иш ўринларини кўпайтириш имконига эга бўламиз. Вилоят бош солиқчиси туманимизга келиб, тадбиркорлар ҳузурида барча саволларимизга жавоб берди, камчиликларимизни биргаликда муҳокама қилдик.


Дарҳақиқат, тадбиркорлик ўз-ўзидан ривожланмайди. Бунинг учун ўзи меҳнат қилиши, шу билан бирга уларни қўллаб-қувватлаш ҳам зарур. Албатта, тадбиркорлар қонун талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритса, бизнесида муваффақият бўлади. Учрашув давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда коррупцияга йўл қўймаслик, қонунийлик ва шаффофлик тамойилларига риоя этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.