Бизнес назорати янада шаффоф бўлмоқда
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларга чек қўйиш, коррупцион хавфларни камайтириш, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги мулоқотда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, шунингдек, қулай бизнес муҳитини ривожлантириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг муҳим устувор йўналишига айланди.
Президентимизнинг жорий йил 17 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Соҳага қаратилаётган бундай эътибор кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини ошириб, миллий иқтисодиётимизни юксалтиришга хизмат қилаётир.
Маълумотларга кўра, айни пайтда Сурхондарё вилоятида 32 мингга яқин кичик бизнес субъекти мавжуд. Ўтган йил якуни билан уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 76 фоизни, саноатда 72, қишлоқ хўжалигида 98, қурилишда 91 ва хизматлар кўрсатишда 74 фоизни ташкил этди. Ўн йилдан ортиқ фаолият юритаётган тадбиркорлар сони уч мингтага, беш йилдан ортиқ фаолият юритаётганлари қарийб 8 мингтага етди.
Тадбиркорлик субъектларининг яшовчанлик даражаси ҳам ошиб, 18 фоизи уч йил ва ундан ортиқ, 27 фоизи 10 йил, ўн йилдан ортиқ фаолият юритаётганлари 21 фоизни ташкил этмоқда.
Сўнгги йилларда соҳанинг изчил қўллаб-қувватланаётгани воҳада 77 та чемпион тадбиркорни шакллантирди. Уларнинг 57 таси 5 йилдан ортиқ фаолият юритган корхоналар бўлса, 21 тасининг йиллик товар айланмаси 20 миллиард сўмдан 120 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектларидир. Ўтган йил вилоятда тадбиркорларга 6,6 триллион сўм кредит маблағи ажратилгани ҳам соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор самарасидир.
Мазкур фармон билан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини оширишга қаратилаётган эътибор ҳам фаровон турмушимиз бунёдкорларига кўрсатилаётган яна бир ғамхўрлик ифодасидир. Жумладан, ушбу ҳужжатда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимини такомиллаштириш белгиланиб, 2026 йил 1 июлдан бошлаб амалдаги функцияларига қўшимча равишда янги имкониятларга эга “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ва унинг мобил иловаси ишга туширилади. Тадбиркорлар ўз ҳудудидаги туман, шаҳар ҳокими, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари ҳақида маълумот олиш ҳамда улар билан махсус чат орқали мулоқот қилиш имконига эга бўлади.
Ўтказилган текширувлар ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотлар натижаси бўйича давлат хизматчиси хатти-ҳаракатларига баҳо берилади. Текшириш ҳуқуқи бўлмаган ёки текширувга чиқиши белгиланмаган назоратчи ҳақида реал вақт режимида тадбиркор хабардор қилинади. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаларнинг электрон шакли юритилади. Текшириш ўтказиш тартибига риоя қилмаслик ҳолатларини автоматик тарзда аниқлаш жорий қилинади. Текширувларни тадбиркорлик субъектидаги махсус QR-код ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) орқали рўйхатга олиш йўлга қўйилади. Тадбиркорлик субъекти фаолият юритадиган ҳудудда ташкил этилиши кутилаётган давлат органлари мансабдор шахсларининг оммавий қабуллари ҳақида хабардор қилиш тизими яратилади.
Шу йил 1 августдан бошлаб назорат қилувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахслари ва ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида ҳисобга олиш тартиби яратилади. Бу тизимда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувларни, шу жумладан, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширувлар ва профилактика тадбирларини рўйхатга олишни ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотларни ҳисобга олишни таъминловчи “Бизнес ҳимоя” QR-коди яратилиб, текширувларни рўйхатга олиш электрон китобининг қоғоз шакли ва назоратчиларнинг қоғоз кўринишидаги гувоҳномалари бекор қилинади.
Шунингдек, тадбиркор давлат хизматчиларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериши мумкин ва тизим текширув ҳуқуқи бўлмаган назоратчи ҳақида реал вақт режимида хабар беради. Шу кундан бошлаб тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда уларнинг шахсий кабинетлари тизимда автоматик равишда очилади.
Фармон билан инсофсиз назоратчиларга нисбатан қатъий чоралар белгиланди. Бир йил давомида бир тадбиркор билан икки ва ундан ортиқ маротаба асоссиз мулоқотга киришган ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади ва у 12 ой давомида шу тадбиркордаги текширувлардан четлаштирилади. Бу тақиқни бузиш текшириш ҳуқуқини берувчи гувоҳноманинг 3 ойгача тўхтатилишига сабаб бўлади. Тартибни сурункали бузувчилар эса 6 ой муддатга “Инсофсиз текширувчилар реестри”га киритилади.
Фармонда тадбиркор ва давлат органи ўртасидаги мулоқотнинг шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг тартиблари ҳам белгиланди. Шунингдек, Бизнес-омбудсманга муҳим вазифалар юкланиб, Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан шу йил 1 августгача биринчи навбатда, савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектларини “Бизнес ҳимоя” QR-коди билан таъминлаш топширилди. Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 июлга қадар мазкур фармонда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, “Ягона давлат назорати” ахборот тизимини ва унинг мобил иловасини такомиллаштириш, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда шу йил 1 июлга қадар тадбиркорлик субъекти фаолиятида ноқонуний текширув ўтказганлик ҳамда текширув ўтказиш тартибини бузганлик учун алоҳида маъмурий жазо чораларини қилмишига мутаносиб равишда белгилаш, тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали ушбу тоифадаги қилмишни жиноий юрисдикциядан чиқариш, “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали қайд этилган тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чорасини автоматлаштирилган тартибда қўллашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашувларни чеклаш чораларини кўриш учун шу йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида автоматик тарзда “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида уларнинг шахсий кабинети композит тартибида очиладиган бўлди. “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидан рўйхатдан ўтмаган ёки текширув ўтказишга асос бўлувчи ҳужжатларни тизимга киритмаган ёхуд махсус гувоҳномага эга бўлмаган назорат қилувчи органнинг ходими томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланиши, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларга, шу жумладан, жиноят иши доирасидаги текширувларга назорат қилувчи органлардан жалб қилинадиган мутахассислар текширувларда фақат тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномага эга бўлган тақдирда иштирок этиши мумкинлиги белгиланди. Эндиликда ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъий назар давлат органи мансабдор шахслари ва масъул ходимлари тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилди.
Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат қилишда Бизнес-омбудсман Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан бирга 2026 йил 1 июлга қадар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида давлат хизматчилари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги мулоқотни ҳисобга олиш ва унинг мониторингини юритиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиши ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиши, 2026 йил 1 сентябрга қадар мазкур фармон талабларидан келиб чиқиб “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, белгиланган тартибда унинг қайта ишланган таҳририни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш каби муҳим вазифалар топширилди.
Фармонда белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилиши тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаб, назорат тадбирлари шаффофлигини ошириш ва соҳанинг янада ривожланишида муҳим ўрин тутади.
Шавкат Яхшиқулов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил
девонининг Сурхондарё вилоят шўъбаси етакчи инспектори.
ЎзА