Биз зўравонликка қаршимиз
Навоий шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази ҳамкорлигида партиянинг “Фаровон оила” лойиҳаси доирасида “Биз зўравонликка қаршимиз” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азиза Аминова, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Навоий вилоят ҳудудий бўлими директори Наргиза Эрмаматова ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, уларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига кўра, жабрланувчилар тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинган.

– Зўравонлик инсон ҳуқуқига тажовуз, жамият барқарорлигига таҳдид, оила мустаҳкамлигига путур етказувчи омил ҳисобланади, – дейди Азиза Аминова. – Маълумотларга кўра, жаҳон миқёсида ҳар 3 нафар аёлдан бири умри давомида жисмоний ёки руҳий зўравонликка дуч келади. Ҳар йили миллионлаб аёллар зўравонлик қурбонига айланмоқда. Мутахассислар фикрича, зўравонликнинг оқибати фақат жабрланувчига эмас, балки бутун жамиятга таъсир кўрсатади: депрессия, ишончсизлик, руҳий изтироб, қўрқув, стресс, ҳаттоки ўз жонига қасд қилишгача олиб келувчи ҳолатлар шулар жумласидандир. Аёлларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки тегишли муассасаларнинг вазифаси эмас. Ҳар бир инсон ота-она, устоз, раҳбар, қўшни, фуқаро сифатида бу масалада масъулиятли бўлиши шарт.
Тадбир сўнггида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири