Биз гиёҳвандликка қаршимиз
Андижонда “Гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 26 июнь – Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш куни олдидан З.М.Бобур номли Андижон вилояти ахборот кутубхона маркази ташаббуси билан “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида вилоят психоневрология диспансери, СПИДга қарши кураш маркази ҳамкорлигида тадбир ўтказилди.
Унда шифокорлар, маҳалла имомлари, фаоллари, кутубхона мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Андижон академик лицейи ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда гиёҳвандлик иллатининг инсон онгига, жамият тараққиётига кўрсатадиган салбий таъсири, унинг олдини олиш, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини кучайтириш хусусида атрофлича сўз юритилди.
– Юртимизда ёшларнинг ўқиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун кенг имкониятлар яратиб берилишига қарамай, уларнинг орасида турли иллатлар, айниқса, гиёҳвандлик таъсирига тушиб қолган ёшларнинг борлиги барчамизни ташвишга солади, – дейди З.М.Бобур номли вилоят ахборот кутубхона маркази директори Гулнорахон Исмоилова. – Гиёҳвандлик балоси домига тушиб қолишга мойиллиги бор юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизни ана шу балодан асраш учун нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки улар билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик аниқ амалий ишларни олиб бориши лозим. Шундагина бу борада кутилган натижаларга эриша оламиз.
[gallery-7709]
Тадбирда вилоят психоневрология диспансери, СПИДга қарши кураш маркази мутахассислари У.Шаробиддинова, Г.Исоқова, Андижон шаҳридаги “Уйғур” жоме масжиди имоми А.Артиқовнинг ҳаётий мисоллар асосида гиёҳвандликнинг инсон саломатлигига, руҳиятига, турмуш тарзига салбий таъсири, ушбу иллат охир-оқибат кишини жарликка қулатиши, жамиятни парокандаликка олиб келиши хусусидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.
Тадбир иштирокчилари томонидан гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, чекиш сингари зарарли иллатларга қарши курашда кенг жамоатчиликнинг ўрни ва роли беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш хусусида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш борасидаги тарғибот ҳамда тушунтириш ишларини кучайтиришга келишилди.
Давра суҳбати иштирокчилар, хусусан, ёшларнинг гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш билан бирга, ана шу иллатга нисбатан муросасиз курашишга ундади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА