Биз албатта бу балони енгамиз...
Маълумки, шу кунларда юртимизда фавқулодда вазият ҳукм сурмоқда.
Маълумки, шу кунларда юртимизда фавқулодда вазият ҳукм сурмоқда. Бутун дунёни ларзага солаётган коронавирус пандемияси мамлакатимизга ҳам кириб келиши билан барча оммавий тадбирлар бекор қилинди. Бошқа керакли чора-тадбирлар ҳукуматимиз томонидан амалга оширилмоқда.
Куни кеча коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида Президентимиз халққа яна бир бор мурожаат қилди.
Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида пандемияни енгиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалаштирилаётган чора-тадбирларга тўхталиб, бугунги синовли кунларда барчамиз масъулиятни ҳис қилган ҳолда сабр ва матонат билан биргаликда ҳаракат қилсак албатта, кўзлаган мақсадимизга эриша олишимизни алоҳида таъкидлади.
Қорақалпоғистон Республикасида стационар шароитда умумий карантинга олинган жами фуқаролар сони 544 нафарни ташкил этган бўлса, шундан Нукус шаҳри, Тахиатош ва Нукус туманларида карантинда бўлган 500 нафар фуқаро 4-апрель куни ўзларининг доимий яшаш манзилларига қайтарилди. Чуқурлаштирилган тиббий текширувлар, лаборатор, махсус тест ва бошқа диагностик таҳлиллар амалга оширилди. Бир қувончлиси, уларнинг ҳеч бирида касаллик белгилари аниқланмади.
Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ижобий самараси, фуқароларимизнинг карантин қоидаларига тўла амал қилиши, тиббиёт ходимларининг муносиб меҳнати туфайли десак муболаға бўлмайди.
Бунинг билан ҳеч биримиз масъулиятсизликка берилмасдан ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз зарур. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак.
Бугунги кунда пандемияни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар, энг аввало сизу-бизнинг саломатлигимиз, хавфсизлигимиз учун қилинаётганлигини чуқур англаб етишимиз керак. Бунинг учун ҳар биримиздан шифокорлар томонидан берилаётган тавсияларига қатъий амал қилган ҳолда, хотиржамлик, ваҳимага тушмасдан, имкони борича уйдан чиқмаслик талаб қилинади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган. Биз албатта бу балони ҳам енгамиз.
Тожибой РОМАНОВ,
ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.