Биз адолат тарафдоримиз!
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида митинг ўтказилди.
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида митинг ўтказилди.
Ўзбекистон “Адолат” Социал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчиларга партиянинг асосий ғоя ва мақсадлари, олиб бораётган ишлари ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимиз катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сайлови арафасида турибди. Мазкур жараёнга “Адолат” партияси томонидан ҳам жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.
Тадбирда партиянинг янги сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадлар таъсирчан услубда, ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. Шунингдек, коррупцияга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бепул бўлишига эришишда партия олдида турган вазифаларга алоҳида урғу берилди.
Қайд этилганидек, кучли давлат бошқарувидан адолатли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи партия дастурий мақсадлари кучли, эркин ва адолатли Ўзбекистон ва унинг келажаги учун хизмат қилиш, халқ манфаатлари йўлида халқ номидан иш тутишга йўналтирилган.
Тадбирда партия томонидан илгари сурилган долзарб лойиҳа ва ғоялар иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Тадбир доирасида интерактив ўйинлар, совринли викториналар ўтказилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.